Судьяларни сайлаш жараёнида парламент назорати кучаяди

14

Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 21-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда судьялар мустақиллигини таъминлаш, суд тизимига малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар аҳолининг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг нуфузини ошириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, амалда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг судьяларни сайлаш бўйича конституциявий ваколати асосан номзодларни тасдиқлаш билан чекланиб қолаётгани мазкур жараённи янада очиқ ва мазмунли қилиш заруратини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга мувофиқ, судьялик лавозимларига номзодлар аввал Сенатнинг масъул қўмитаси томонидан кўриб чиқилади, улар фаолияти юзасидан хулоса тайёрланади ва шундан сўнг Сенат муҳокамасига киритилади.

Бу эса судьяларни сайлаш жараёнида парламент назоратини кучайтириш, шаффофлик ва жавобгарликни оширишга хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА