Чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳа

40

Қорақалпоғистон Республикасида экологик барқарорликни таъминлаш ва энергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Божхона қўмитаси мутасаддилари томонидан ҳудудда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ушбу лойиҳа хорижий инвестициялар асосида амалга оширилиб, бу иш Beijing China Sciences Runyu Environmental Technology (CСЕТ) билан йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида ёқиш орқали қайта ишлаш ва электр энергиясига айлантиришни назарда тутади.

Ушбу инвестиция лойиҳасининг қиймати 80 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида республика миқёсида йиғиладиган кунлик 750, йиллик 274 минг тонна чиқиндини қайта ишлаб, натижада йилига 80 минг МВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 80 та янги иш ўрни яратилади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида республика ҳудудидаги чиқинди полигонлари сони 50 фоизга қисқаради. Шунингдек, ушбу корхона атрофида жойлашган муассаса ва ташкилотлар электр энергияси билан узлуксиз таъминланади.

Лойиҳани амалга ошириш ишлари 2026 йил февраль ойида бошланиб, 2028 йилда тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Ушбу ташаббус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни самарали бошқариш ва аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш орқали ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги