Қонун устуворлиги ва жамоат хавфсизлиги йўлидаги ҳамкорлик

Хўжайли тумани ҳокимлигида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳудудларда жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда туман ҳокими Ж.Ермашев, Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси С.Давлетмуратов, туман прокурори А.Халимов, Ички ишлар бўлими бошлиғи Б.Хайтбаев ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва ҳудуд фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатимиз Президенти томонидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси С.Давлетмуратов ўз нутқида коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида тўхталиб, бу иллат жамият ривожига катта тўсиқ эканини таъкидлади. Суд раиси коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш муҳим аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди. Шунингдек, ҳар бир мансабдор шахс ўз фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаши, хизмат вазифаларини ҳалоллик ва виждонан бажариши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, 2025 йил давомида туманнинг 15 та маҳалласида жиноят содир этилмаганлиги қайд этилиб, ушбу ҳудудларда тинчликни таъминлашда фаол иштирок этган ҳудуд фаолларини рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилди. Бу натижалар ҳуқуқ-тартибот идоралари, профилактика инспекторлари ва ҳудуд фаоллари ўртасидаги самарали ҳамкорлик натижаси экани қайд этилди.

Учрашув якунида профилактика инспекторлари томонидан ҳудудлардаги вазиятни янада яхшилаш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбир конструктив руҳда ўтди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги