Янги таклифлар, янги вазифалар, янги режалар муҳокама қилинди

5

Бугун кўп миллатли халқимизнинг дўстлик рамзига айланган Қора уйда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев олимлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан учрашув ўтказди.

Ўтказилган учрашувда бугунги кунда ҳурматли Президентимизнинг алоҳида эътибори билан юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлар билан яратилган шароитлар ва шу асосда олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар ҳақида кенг тарзда сўз юритилди.

Дарҳақиқат, яқин қисқа давр ичида юртимизда илгари бўлмаган янгиланишлар юз бериб, кўплаб ютуқларга эришилмоқда. Бу борада янги-янги корхоналар иш бошлаб, кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари, барча жойларда аҳолини йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим топиш чоралари давом эттирилмоқда. Бундай чора-тадбирлар натижасида том маънода, Янги Ўзбекистон асосида Янги Қорақалпоғистон барпо этилмоқда, десак, адашмаган бўламиз.

Ўтказилган учрашувда ана шундай эзгу ишлар, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари аниқ видеофактлар билан кўрсатиб ўтилди.

Ўз навбатида, зиёлилар ҳам бундай тадбирларда халқимизнинг ҳар бир вакили она Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлида биргаликда, ҳамжиҳатликда хизмат қилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Ўтказилган учрашув давомида мамлакатимиз тараққиёти йўлида муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фан фидойилари Жўқорғи Кенгес Президиумининг қарори билан рағбатлантирилди.

                                                                 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги