Чимбой туманини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Чимбой туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, давлат дастурлари доирасидаги белгиланган вазифаларнинг бажарилиши билан танишиш ва ҳудуд фаоллари билан учрашиш мақсадида ушбу туманда бўлди.

Дастлаб республикамиз раҳбари Шахтемир маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан қурилаётган спорт мажмуаси, шунингдек, шу жойда тадбиркор ташаббуси билан янгидан ташкил этилаётган «Осербой чавандоз» от спорти клубининг қурилиш ишларини кўздан кечирди ва қурилиш ишларини сифатли қилиб якунлаш, тадбиркорнинг лойиҳасини тўлиқ ишга тушириши учун барча ёрдамларни кўрсатиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Шундан сўнг, «Zang tex» корхонаси томонидан ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишлари кўриб чиқилиб, маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тадбиркор билан яқиндан ҳамкорлик қилиш кераклиги таъкидланди.


Кўкчи қала маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган корхона умумий 199,2 млрд. сўм маблағ асосида ишга туширилаётган бўлиб, йилига 4 минг тоннадан ортиқ, умумий 80 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона тўлиқ қувватда ишга туширилиши билан 300 иш ўрни яратилади ва маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланади.

Жўқорғи Кенгес Раиси масъулларга бугунги кунда ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, туманда тадбиркорлар сонини ошириш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини очиш кераклигини алоҳида таъкидлади.


Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев республика ва туман идора-ташкилотлари масъуллари иштирокида Чимбой туманини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Бунда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини, уларга қулай турмуш шароити билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш каби белгиланган вазифаларнинг бажарилиши масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, туманни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича махсус дастур асосида қатор вазифалар белгилаб берилган. Бунинг учун молиявий манбалар ва имкониятлар ҳам яратилган.

Лекин, айрим жойларда муассаса-ташкилот раҳбарлари ва мутасаддилари, шунингдек, маҳалла фаоллари томонидан камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Йиғилиш давомида ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган масъулларга интизомий жазо чораси қўлланилиб, зарур бўлса лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги