Ижтимоий қўллаб-қувватлаш қамрови кенгаймоқда: 715 мингдан ортиқ фуқаро нафақа билан таъминланди
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, 2026 йил 1 февраль ҳолатига кўра, ижтимоий нафақа олувчилар сони 715 минг 849 нафарни ташкил этди.
Мазкур кўрсаткичлар аҳолининг турли тоифалари қамраб олинганини кўрсатади. Жумладан, 167 минг 411 нафар фуқарога — ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бўлган болалар нафақаси тайинланган бўлса, 313 минг 715 нафар фуқаро ногиронлик нафақасини олиб келмоқда.
Бундан ташқари, 71 минг 479 нафар фуқарога парваришлаш нафақаси, 94 минг 454 нафар фуқарога ёшга доир нафақа, 58 минг 246 нафар фуқарога эса боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган.
Алоҳида эътиборга молик жиҳатлардан яна бири, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ҳамда ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашдир. Ушбу тоифага кирувчи 8 минг 918 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, 5 минг 317 нафар фуқарога уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация тайинланган.
1 минг 626 нафар фуқарога оилавий болалар уйи ва патронат учун тўловлар амалга оширилмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, жорий йил январь ойида янги тайинланган нафақа олувчилар сони 6 минг 225 нафарни ташкил этган.
Юқорида келтирилган рақамлар мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими изчил ривожланиб бораётгани, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ва самарали ёрдам кўрсатилаётганидан далолат. Бу эса фуқароларнинг турмуш сифати ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Статистик маълумотлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА