Тадбиркорнинг қарзи МИБ орқали ундириб берилди

41

Мамлакатимизда кун сайин ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқда. Соҳада янги ишлаб чиқариш турлари кўпайиб, сон ва сифат уйғунлигига эришиш йўлида қатор имтиёз ва имкониятлар берилмоқда.

Тадбиркорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Мажбурий ижро бюроси томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “WUDI HUAYI BIOLOGICAL TECHNOLOGI CО” МЧЖ нинг  “VISHE KRISHI TASHKENT” МЧЖ дан қарзни ундириш туғрисидаги Фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судининг ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Муйноқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган.

Бўлим давлат ижрочиси томонидан текширувлар давомида маълум бўлишича, жамият томонидан 92,737 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари тўлаб берилмаган. Ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида қарздорнинг банк ҳисоб рақамларига чеклаш қўйилиб, унга тегишли бўлган “Ласетти” русумли автотранспорт воситаси тегишли тартибда хатловга олинди ва аукцион савдоларига чиқарилди.

Ўтказилган аукцион савдоларида автомашина 82 миллион 83 минг сўмга сотилиб, қарздорликнинг қолган қисми қарздорнинг банк ҳисоб рақамидан ундирилди.

Ундирилган пул маблағлари жорий йилнинг 30-январь куни ундирувчига ўтказиб берилиб, тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги