Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлиги янги босқичга чиқди
Тошкентда “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари биринчи онлайн-форуми бўлиб ўтди.
Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) томонидан экспертлар муҳокамаси тарзида ташкил этилган тадбир доирасида 2024 йил сентябрь ойида Остона шаҳрида ўтган “Марказий Осиё – Германия” саммити, шунингдек 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити якунларидан келиб чиқиб, икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболи муҳокама қилинди.
Анжуманда томонларнинг етакчи таҳлил марказлари ва экспертлик тузилмалари вакиллари, жумладан Фан ва сиёсат жамғармаси Халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти (SWP) ҳузуридаги Шарқий Европа ва Евросиё тадқиқотлари гуруҳи, Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази (ZOiS) ҳамда Германия ташқи сиёсат жамияти (DGAP) мутахассислари чиқиш қилдилар.
Сўнгги йилларда Германия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқа сезиларли даражада фаоллашиб, ўзаро савдо айланмаси 10.83 миллиард еврога етди. Жумладан, немис экспорти ҳажми 5.21, импорт кўрсаткичи эса 5.62 миллиард еврoни ташкил этди.
ГФР компаниялари томонидан минтақа иқтисодиётига киритилган 12 миллиард еврoлик инвестиция натижасида 35 000 дан зиёд янги иш ўрни яратилди. Айни пайт немис капитали иштирокидаги қарийб 900 корхона саноат ишлаб чиқариши ва хизмат кўрсатиш соҳаларида самарали фаолият юритмоқда.
Бундай учрашувлар эса ўзаро шерикликни янада мустаҳкамлашга ёндашув ва мавжуд ташаббусларни мувофиқлаштириш, янги илғор ғояларни илгари суриш учун очиқ, самарали мулоқот майдони вазифасини бажаради.
Дилшод Ҳакимов, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА