Дўстлик кўприклари: Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг янги уфқлари

Сўнгги йилларда Евроосиё маконида янги стратегик йўналиш – Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик шаклланмоқда. Қадимий савдо йўлларининг тарихий чорраҳасида жойлашган икки мамлакат бугун барча муҳим соҳалар – иқтисодиёт, маданият, таълим ва технологияларни қамраб олган замонавий “ўзаро боғлиқлик архитектураси”ни изчил яратмоқда. Буюк Ипак йўли даврига бориб тақаладиган умумий тарихий илдизлар иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, технологик мустақилликни таъминлаш ва минтақавий интеграция учун мустаҳкам пойдевор яратишга қаратилган аниқ лойиҳа ва ташаббусларга айланмоқда.
Икки мамлакат етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси билан 2020 йилларнинг бошидан Тошкент ва Исломобод ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб келмоқда. 2021 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация икки томонлама мулоқотга юқори суръат бағишлаб, ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очди. Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари, ташқи ишлар вазирликларининг фаол маслаҳатлашувлари ва халқаро форумлардаги иштироки долзарб масалаларни ўз вақтида муҳокама қилиш, ўзаро мақбул ечимлар топиш ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш имконини бермоқда.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг 2025 йил февраль ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви икки томонлама алоқалар мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин далилидир. Етакчилар иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, рақамли технологиялар ва маданий-гуманитар алмашинувларни қамраб олган кўп қиррали ҳамкорликнинг юқори суръатини мамнуният билан қайд этдилар.
Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларнинг натижаларини юқори баҳолаб, Ш.Шариф: “Мўъжизалар фақат аниқ тасаввур, юқори суръат, машаққатли меҳнат ва ягона мақсад сари қатъий интилиш натижасидагина рўй бериши мумкин”, – деди.
Покистон Бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи якунида олий даражадаги Стратегик шериклик кенгашининг тузилиши икки томонлама муносабатларга кучли туртки берди. Ушбу воқеа эришилган келишувларни мустаҳкамлаш билан бирга, тизимли ҳамкорлик учун мустаҳкам институционал платформа яратди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашда қонунчилик соҳаси муҳим ўрин тутади. Бунда ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорлик тартиб-қоидаларини соддалаштириш, шаффофликни ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун ишончли ҳуқуқий майдон яратишга хизмат қиладиган қонунчилик ташаббусларини изчил илгари сураётган парламентлараро дўстлик гуруҳларининг ҳиссаси катта. Уларнинг фаолияти натижасида икки томонлама алоқаларнинг барқарорлигини таъминлайдиган узоқ муддатли ишонч майдони шаклланмоқда.
Иқтисодиёт ҳамкорлик суръатини кўрсатиб берадиган энг аниқ индикатордир. Покистон Ўзбекистон бозорига фаол қизиқиш билдириб, мамлакатимизнинг Жанубий Осиёдаги етакчи савдо шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми каррасига ошиб, барқарор ўсишда давом этмоқда. 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 440 миллион доллардан ортиб, бу 2016 йилга нисбатан 12 баробарга кўпайди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон маҳсулотларининг экспорти 320 миллион доллардан ортиқни ташкил этди.
Ушбу рақамлар икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиши ортиб бораётганини, шунингдек янги тармоқлар ва йўналишларни ўз ичига олган хилма-хил ва барқарор савдо модели шаклланаётганини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, инвестициялар, молиявий хизматлар, тоғ-кон саноати, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга асос яратиб, шерикликни стратегик жиҳатдан чуқурлаштириш учун қўшимча имкониятлар очмоқда.
Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ яқин истиқболда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Ҳар бир томондан 17 турдаги маҳсулот учун божхона имтиёзларини тақдим этувчи имтиёзли савдо битими ушбу мақсадга эришишнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Бу компанияларнинг ҳамкор бозорларга киришини сезиларли даражада осонлаштириб, савдо оқимларини кенгайтиришга туртки бермоқда.
Икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги алоқаларда ҳам жадал ўсиш кузатилмоқда. Шериклик ўрнатиб, қўшма корхоналар ташкил этаётган ва янги соҳаларни ўзлаштираётган Ўзбекистон ва Покистон компанияларининг сони тобора ортмоқда. 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, юртимизда Покистон сармояси иштирокидаги 180 га яқин компания фаолият юритмоқда. Бу бизнеснинг қўшма лойиҳалар ва узоқ муддатли ҳамкорликка бўлган ишончи ўсиб бораётганидан далолат беради.
Ўзаро ҳамкорлик тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатидан тортиб, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, электротехника ва логистикагача бўлган кўплаб соҳаларни қамраб олган. Ҳукуматлараро комиссиянинг мунтазам йиғилишлари, бизнес-форумлар ва ихтисослаштирилган кўргазмалар тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри мулоқот қилиши, тажриба алмашиши ва шартномалар тузиши учун қулай ва самарали майдонга айланмоқда. Бугунги кунда улар доирасида имзоланаётган битимлар қиймати юз миллионлаб долларни ташкил этиб, реал иқтисодий самара бериш билан бирга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
2024 йилда Тошкент “Покистонда ишлаб чиқарилган” биринчи халқаро кўргазмаси ва қўшма Логистика форумига мезбонлик қилди. Покистоннинг 80 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этган ушбу тадбирлар тадбиркорлар тўғридан-тўғри мулоқот қилиши учун майдон яратиб, қўшма бизнес ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳақиқий имкониятларини намойиш этди.
Бунга жавобан 2025 йил февраль ойида Лаҳорда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий кўргазмаси ташкил этилиб, унинг доирасида умумий қиймати 500 миллион долларлик 181 та савдо битими имзоланди. Бу товар айирбошлашни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини, шунингдек бизнеснинг ҳамкорлик истиқболларига ишончи ортиб бораётганини яққол кўрсатади.
Шу ўринда инвестициявий ҳамкорликдаги ютуқларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. 2024 йилда қўшма лойиҳалар доирасида Покистоннинг 33 миллион долларлик инвестициялари ўзлаштирилган бўлса, 2025 йилнинг январь-июль ойларида ушбу кўрсаткич икки баробардан зиёд ўсиб, қарийб 70 миллион долларни ташкил этди. Инвестицияларнинг бундай барқарор ўсиши узоқ муддатли лойиҳаларга ўзаро қизиқишнинг кучайганини акс эттириб, ишбилармонлик муҳити барқарорлигини тасдиқлайди ва мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очади.
Тўқимачилик, фармацевтика ва парфюмерия тармоқларида, шунингдек қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳалар устида фаол иш олиб борилмоқда. Бу томонларга нафақат иқтисодиётнинг анъанавий тармоқларини мустаҳкамлаш, балки юқори қўшилган қиймат салоҳиятига эга янги йўналишларни ўзлаштириш имконини беради. Хусусан, Ўзбекистон Покистонда маиший техника, тракторлар, “ақлли” ҳисоблагичлар ва замонавий газ блокларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳавий тадқиқотларни олиб бормоқда. Бу технологик алмашинув ва замонавий ишлаб чиқариш ечимларини жорий этиш учун янги имкониятлар очмоқда.
Кўплаб истиқболли ташаббуслар шаклланаётган рақамли соҳага, шу жумладан дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, бизнес ва давлат хизматлари учун АТ-ечимларни яратиш, қўшма стартаплар ва инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур йўналиш технологик модернизацияни жадаллаштириш, компанияларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва дастурий маҳсулотлар иқтисодиётнинг асосий тармоқларига жорий қилинишига хизмат қилмоқда.
Савдо инфратузилмаси ривожланаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. 2025 йилда Лаҳор ва Карачида Ўзбекистон савдо уйлари очилди. Истиқболда Тошкент ва Самарқандда Покистон савдо ваколатхоналарини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу ташаббуслар компаниялар икки мамлакат бозорларига киришини соддалаштиради. Қолаверса, товар айирбошлашни кенгайтириш учун амалий асос яратилиб, ишбилармонлик ҳамкорлиги кенгаяди ва бизнес ҳамжамиятининг ишончи ортади.
Бинобарин, саноат, рақамлаштириш ва инфратузилма соҳаларидаги изчил ҳамкорлик икки томонлама муносабатларни жадал ривожлантириш учун кўп даражали платформа яратиб, Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигини стратегик аҳамиятга эга ва ўзаро манфаатли лойиҳага айлантирмоқда.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш икки томонлама мулоқотнинг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Марказий ва Жанубий Осиё асрлар давомида савдо ва маданий йўллар билан чамбарчас боғланган бўлиб, бугунги кунда ушбу табиий ўзаро боғлиқликни тиклаш мақсадида аниқ амалий қадамлар ташланмоқда. Логистиканинг такомиллашиши, янги транспорт йўлакларининг ривожланиши ва юк ташиш тартиб-қоидаларининг соддалаштирилиши товар айирбошлашни кўпайтириш ва ҳамкорликни чуқурлаштириш учун реал имкониятлар яратмоқда. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган Марказий Осиё мамлакатлари учун ишончли транспорт алоқалари барқарор иқтисодий ўсиш ва минтақавий интеграциянинг асосий омилига айланмоқда.
Бунда Трансафғон темир йўли асосий лойиҳалардан бири ҳисобланади. Ушбу стратегик йўлак минтақавий транспорт тармоқларини тубдан ўзгартириши, мамлакатларнинг Евроосиё иқтисодий маконининг асосий иштирокчилари сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаши, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги савдо, инвестиция ва логистика оқимлари учун мустаҳкам пойдевор яратиши мумкин. Юкларни етказиб бериш муддатини бир неча ҳафтадан 3-5 кунгача қисқартириш ҳамда транспорт харажатларини 40 фоиз ва ундан ортиққа камайтириш орқали ушбу йўналиш минтақа мамлакатлари товарларининг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириб, экспорт-импорт фаоллигини кучайтиради.
2025 йилда ушбу лойиҳа бўйича аниқ натижаларга эришилди. Жумладан, техник-иқтисодий асосларнинг муҳим компонентлари тайёрланди. Йўлакни лойиҳалаштириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш шартлари бўйича ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар давом этмоқда.
Ўзаро ҳамкорлик тузилмасида энергетика соҳасидаги алоқалар муҳим ўрин тутади. Мамлакатларнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлик салоҳияти катта. Геология-қидирув, нефть ва газ конларини ўзлаштириш, қайта ишлаш қувватларини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар стратегик энергетик хавфсизликни таъминлаш, энергия манбаларини диверсификация қилиш ва саноат ривожланишига туртки бериши мумкин.
Иқтисодиёт билан бир қаторда маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Покистон халқларини Буюк Ипак йўли даврига бориб тақаладиган бой тарихий мерос боғлаб туради. Бугун бу муштараклик халқларимизни янада яқинлаштирадиган ва узоқ муддатли ишонч пойдеворини шакллантирадиган қўшма илмий лойиҳалар, таълим соҳасидаги ташаббуслар ва маданий алмашинувда намоён бўлмоқда.
Покистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғоясига Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий мероси давомийлигини таъминлашга қаратилган ташаббус сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк олимлар томонидан яратилган маънавий ва илмий мактаб замонавий таълим ва инновацион лойиҳалар учун илҳом манбаи бўлиб, мамлакатлар ўртасидаги маданий ва илмий алоқаларни янги мазмун билан бойитмоқда.
Туризм соҳасидаги ҳамкорликка тўхталадиган бўлсак, бугун ноёб маънавий ва меъморий меросга эга Ўзбекистонга қизиқаётган покистонлик сайёҳ ва зиёратчилар тобора кўпаймоқда. Қадимий шаҳарлар, тарихий обидалар ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломаларнинг мақбаралари мамлакатнинг бой маданий ва илмий анъаналарини очиб бериши билан бирга, давлатлараро расмий битимлардек мустаҳкам бўлган халқларимиз ўртасидаги алоқаларни ҳам кучайтиради.
Транспорт соҳасида янги имкониятларнинг яратилиши ушбу жараёнга кучли туртки берди. Хусусан, Исломобод ва Тошкент ҳамда Тошкент ва Лаҳор ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиб, 2025 йилда улардан 10 минг нафардан ортиқ, яъни 2023 йилга нисбатан қарийб 2,5 баробар кўп покистонлик сайёҳлар фойдаланди. Ушбу кўрсаткич янги туризм йўналишларига талаб ортаётганини, шунингдек транспорт ва логистика соҳаларида интеграцияни таъминлаш бўйича ташланган қадамларнинг самарадорлигини кўрсатади.
Туризм, маданият, таълим ва иқтисодий ташаббуслар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос яратмоқда. Ҳамкорликнинг бундай комплекс модели шерикликнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириши билан бирга, икки томонлама муносабатларни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий интеграциянинг асосий қисмига айлантириб, узоқ муддатли ишончни мустаҳкамлайди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Исломободга ташрифи стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлади. Ташриф қўшма ташаббусларни амалга ошириш, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва рақамли технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш учун янги имкониятлар яратиб, ҳамкорликнинг амалий натижадорлиги ва икки мамлакат учун стратегик аҳамиятини оширади.
Бугунги кунда ўзаро алоқаларнинг юқори суръатини сақлаб қолиш, ҳамкорликнинг амалий механизмларини кенгайтириш, мулоқотни бошқарувнинг қуйи бўғинларигача тушириш, ҳамкорликка ҳудудлар, кичик ва ўрта бизнес, илмий-академик ҳамжамият, ёшлар ва фуқаролик жамияти институтларини янада фаол жалб этиш муҳим аҳамият касб этади. Бундай кенг қамровли ёндашув эришилган натижаларни мустаҳкамлайди, барча даражаларда янги қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш учун замин яратиб, ўзаро ҳамкорликнинг барқарор ўсишини таъминлайди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муштарак тарихий илдизлар, анъаналар ва маънавий яқинликка асосланган дўстлик кўприклари ўтмиш билан бугунни боғлаб, кенг қамровли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга йўл очмоқда. Бу кўприклар анъанавий ўзаро ишончни барқарор ва узоқ муддатли шериклик механизмларига айлантириб, маҳаллий ташаббуслардан тортиб минтақавий аҳамиятга эга бўлган стратегик лойиҳаларгача бўлган барча даражаларда ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Нигора Султонова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
бош илмий ходими