Қорақалпоғистонда ўқ отиш спортини ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланди

22

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда Қорақалпоғистон Республикасида ўқ отиш спортини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда округ қўмондонлиги, Ўқ отиш спорти федерацияси ҳудудий вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишнинг асосий мақсади Қорақалпоғистон Республикасида ўқ отиш спортининг бугунги ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилашдан иборат бўлди. Тадбир давомида ушбу йўналишда шу кунга қадар амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилиниб, эришилган натижалар батафсил сарҳисоб қилинди.

Хусусан, ҳудудларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ўқ отиш спорти учун зарур моддий-техник базани мустаҳкамлаш, спортчилар ва мураббийлар учун замонавий шароитлар яратиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан масъуллар ахборот берди. Шунингдек, мураббийлар малакасини ошириш, илғор тажрибаларни жорий этиш ва спорт машғулотлари сифатини яхшилаш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ зиммасига федерациянинг ташкилий тузилмаси, бўлимлар фаолияти, молиявий таъминоти, моддий-техник базаси ҳолати ҳамда умумий самарадорлигини ўрганиш вазифалари юклатилди. Таҳлил натижалари асосида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва фаолиятни янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Йиғилиш доирасида федерациянинг Нукус шаҳар бўлими фаолияти ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Унда спортга қизиқувчи ёшларни кенг жалб этиш, шаҳар, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни мунтазам ташкил этиш, спортчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш юзасидан қатор муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Йиғилиш якунида ўқ отиш спортини янада оммалаштириш, юқори спорт натижаларига эришиш, иқтидорли спортчилар захирасини шакллантириш ҳамда Олимпия спорт турларини ривожлантириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги