Бангладешнинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаевнинг Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси М.М.Ислом билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати хабар берди.
Бангладеш Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган учрашув давомида томонлар сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, шунингдек, сайлов органлари ўртасидаги келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

З.Низомхўжаев Бангладеш Халқ Республикаси Элчисига икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қизиқиши учун миннатдорлик билдирди. Суҳбат давомида меҳмон томонга Комиссия фаолияти, мамлакатимиз сайлов тизими, сайлов ва референдумларни ўтказиш принциплари, шунингдек, сайлов жараёнига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича батафсил ахборот тақдим этилди. Сайловларнинг очиқлиги, шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлаш масалаларига ҳамда халқаро кузатув амалиётига алоҳида эътибор қаратилди.
Элчи М.М.Ислом суҳбат давомида жорий йилнинг 12 февраль куни Бангладешда ўтказиладиган бўлажак парламент сайловлари ва референдум жараёнлари ҳақида маълумот берди. Элчи мамлакатларимиз сайлов органлари ўртасида тажриба алмашишнинг муҳимлигини таъкидлади.

М.Комилова, ЎзА