Иордания Сенати Раиси Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори баҳолади

Мамлакатимизда бўлиб турган Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Сенати (Мажлис ал-Аъян) Раиси Файсал Акиф ал-Файез бошчилигидаги делегация Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.
Мулоқот аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов меҳмон томонига мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Иордания парламенти делегацияси раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўтган йил август ойида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга катта ҳисса қўшгани ва икки томонлама ҳамкорликда янги босқични бошлаб бергани алоҳида қайд этди.
Ф.А.ал-Файез парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиш имкониятидан мамнунлигини билдирар экан, бундай учрашувлар тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш ҳамда барча даражаларда конструктив мулоқотни йўлга қўйиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Мулоқот давомида томонлар парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, икки мамлакат парламентлари қуйи палаталари вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ҳамда қўмиталар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишиб олди.
ЎзА