Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг ахборотлари эшитилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмиталарининг кенгайтирилган йиғилишида Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликларининг “Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, мақсадли индикаторларнинг бажарилиши тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ахборотига кўра, 2025 йилда республика бюджетидан 1 798,9 млрд. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ушбу маблағлар вазирлик тизимидаги 118 та муассасаларни молиялаштириш, вазирлик марказий аппарати ва унинг тизимидаги ташкилотларни сақлаш билан боғлиқ харажатлар, ривожлантириш дастурлари учун харажатлар ҳамда Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига йўналтирилган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 2025 йилда 307,3 минг тонна прогноз қилинган бўлса-да, амалда умуман ижро қилинмаган. Республика миқёсида қишлоқ хўжалиги экинларида биологик ҳимоя усули қўлланган майдонлар 25,6 минг гектар прогноз қилинган, аммо амалда ижро қилинмаган. Булар депутатлар томонидан танқид қилинди.
Сув хўжалиги вазирлиги ахборотида келтирилганидек, вазирликка ривожлантириш дастури ва мақсадли индикаторлар учун сув хўжалиги соҳасида бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш мақсадида зарур маблағ ажратилган.
Депутатлар томонидан давлат маблағларидан самарали фойдаланиш, бунда мақсадли индикаторлар ижросига қаратилган аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш ва уни мунтазам амалга ошириш бўйича зарур тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА