Ўзбекистон – Покистон транспорт лойиҳалари: имконият ва стратегик истиқбол

Маълумки, Марказий Осиёнинг айрим давлатлари, жумладан Ўзбекистон денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқлиги боис глобал савдо жараёнида транспорт ва логистика билан боғлиқ муайян чекловларга дуч келади. Зеро, денгиз портларидан узоқ жойлашув, транзит йўналишида қўшни давлатларга боғлиқлик ҳамда ташиш харажати юқорилиги экспорт рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатиши тайин. Шу боис логистика муаммосини бартараф этиш мамлакат иқтисодий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Шаҳнозабону Аҳмадова фикрлари асосида тайёрланган навбатдаги мақолада айни мавзу таҳлил қилинган.

Глобаллашув ва минтақавий иқтисодий интеграция кучайиб бориши шароитида денгизга чиқиш имконияти чекланган мамлакатлар учун муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Тадқиқотлар кўрсатадики, халқаро порт инфратузилмасига бевосита чиқиш имконияти йўқлиги юк ташиш харажатини ошириб, етказиб бериш муддатини узайтиради. Натижада ташқи савдо самарадорлиги пасаяди.

Шу нуқтаи назардан Покистон ҳудудида жойлашган Карачи, Қосим ва чуқур сувли Гвадар портлари Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари учун муҳим ташқи савдо дарвозалари ҳисобланади. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти маълумотига кўра, минтақадан йўналтириладиган юк оқимининг сезиларли қисмини айнан шу бандаргоҳлар орқали ўтказиш мумкин. Экспертлар умумий транзит савдонинг 40 фоизгача улуши мазкур йўналишга тўғри келишини тахмин қилади.
Сўнгги йилларда мавжуд имкониятдан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида йирик транспорт инфратузилма лойиҳалари илгари сурилмоқда. Ана шундай муҳим ташаббуслардан бири – Трансафғон темир йўли. Термиз шаҳрини Афғонистон ҳудуди орқали Покистондаги денгиз портлари билан боғлаш назарда тутилган, 760 километрга чўзиладиган бу тармоқнинг умумий қиймати 4,8 миллиард долларга баҳоланган. Лойиҳа амалга ошгач, юк ташиш вақти автомобиль транспортига нисбатан қарийб 30 фоиз қисқартириши кутиляпти.

2023 йил 17 июль куни Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон темир йўл идоралари раҳбарлари иштирокида кечган уч томонлама учрашувда Термиз – Мозори-Шариф – Шошпул – Лаҳор – Карачи асосий йўналиш сифатида белгиланди. Лойиҳа 2027 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. 2030 йилга келиб ушбу темир йўл орқали йилига 15 миллион тоннагача юк ташилади. Натижада етказиб бериш муддати тахминан беш кун қисқариб, транспорт харажати камида 40 фоиз тежалади.
Хулоса қилиб айтганда, Покистон портларини Марказий Осиё билан боғловчи темир йўл лойиҳалари Ўзбекистоннинг денгиз орқали жаҳон бозорига чиқиш имкониятини кенгайтиради. Мазкур ташаббуслар нафақат савдо ҳажмини, балки бутун минтақа иқтисодий рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мусулмон Зиё тайёрлади. ЎзА