Федерация томонидан мактаб ўқувчилари учун махсус стипендия жорий этилди

12

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун махсус чораклик стипендия жорий этилди.

Мазкур ташаббус ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, истеъмол маданиятини ошириш, ёшлар ўртасида жамоатчилик назорати тизими ва уни амалга ошириш механизмлари ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиришга қаратилган. Шунингдек, иқтидорли ва ижтимоий фаол ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар орасида истеъмолчилар ҳуқуқларига бўлган қизиқишни рағбатлантириш ҳамда келажакда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга замин яратиш асосий мақсадлардан ҳисобланади.

Дастлаб ушбу стипендия республикадаги чекка ҳудудлар — Мўйноқ, Томди ва Сўх туманларида жойлашган умумтаълим мактабларида жорий этилади.

Ташаббус Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов томонидан илгари сурилиб, Федерация Кенгаши аъзолари муҳокамасидан сўнг кўпчилик овоз билан маъқулланди. Шу асосда тегишли Низом ишлаб чиқилиб, унда стипендия олиш шартлари, танловни ўтказиш тартиби ҳамда баҳолаш мезонлари аниқ белгилаб қўйилди.

Маълумот учун, махсус стипендия ҳар чоракда, яъни ҳар уч ойда бир маротаба, иқтидорли ва фаол ўқувчиларга тақдим этилади.

Ушбу ташаббус истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқий онг ва истеъмол маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши билан бирга, чекка ҳудудлардаги иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришга қаратилган узоқ муддатли инвестиция сифатида аҳамият касб этади.

ЎзА