Шахсга доир маълумотлар ҳимояси: хавфсизлик оддий паролдан бошланади (+видео)

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги билан боғлиқ турли хабарлар кенг тарқалмоқда. Бу эса ҳар бир фуқарони рақамли маконда янада ҳушёр ва масъулиятли бўлишга ундайди. Мутахассислар таъкидлашича, рақамли дунёда шахсий маълумотлар инсоннинг муҳим мулки ҳисобланади ва уни муҳофаза қилиш, аввало, фойдаланувчининг ўзига боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, тизим ва электрон хизматларга киришда мураккаб пароллардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Оддий пароллар, жумладан, “12345” ёки туғилган йил каби комбинациялар махсус дастурлар ёрдамида қисқа вақт ичида аниқланиши мумкин. Мураккаб пароллар эса турли белгилар, рақамлар ҳамда катта-кичик ҳарфлардан иборат бўлиб, уларни бузиш анча қийин ҳисобланади.
Айниқса, my.gov.uz портали орқали кўплаб давлат хизматларидан фойдаланилаётган бир пайтда, парол хавфсизлиги шахсни идентификация қилишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Кучли парол фуқаронинг номидан рухсатсиз аризалар берилиши ёки маълумотлардан фойдаланилишининг олдини олади.
Мутахассислар, шунингдек, бир хил паролни бир нечта сайт ва тизимларда қўллаш хавфли эканини таъкидламоқда. Чунки бир тизимдаги хавфсизлик бузилиши бошқа барча аккаунтлар учун ҳам жиддий хатар туғдириши мумкин.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги асосий қоидаларга амал қилиш тавсия этилади:
— камида 12 та белгидан иборат, катта ва кичик ҳарфлар, рақамлар ҳамда махсус белгиларни ўз ичига олган мураккаб пароллардан фойдаланиш;
— икки босқичли аутентификацияни фаоллаштириш;
— шубҳали хабарлар ва ҳаволалар орқали шахсий маълумотларни киритмаслик.
Шу билан бирга, фуқаролар номига фирибгарлар томонидан кредит расмийлаштирилиши мумкинлигидан хавотирда бўлса, my.gov.uz портали орқали “Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш” хизмати ёрдамида кредит беришни чеклаб қўйиш имконияти мавжуд.
Мавзуга доир видеоматериал билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин:
Ҳамроз Баянов, ЎзА