«Ҳалоллик вакцинасини шакллантириш» — суд тизимида муҳим қадам

8

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида сиёсий-маърифий соат ўтказилди.

Унда судья ва суд аппарати ходимлари иштирок этиб, суд тизимида хизмат этикаси, касбий масъулият ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Сиёсий-маърифий соат доирасида суд ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари, хизмат интизоми ва коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга бўлган «ҳалоллик вакцинасини шакллантириш» масалалари бўйича маърузалар тингланди. Бу тушунча суд тизимида ишлаётган ҳар бир ходимнинг онгига ҳалоллик ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкам сингдиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилиб, амалий мисоллар орқали коррупциянинг салбий оқибатлари, унинг олдини олишда шахсий жавобгарлик ва ҳуқуқий онгнинг ўрни кенг муҳокама қилинди.

– Ўтказилаётган бундай маърифий тадбирларнинг тарбиявий аҳамияти жуда юқори, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси Азат Иматов. – Сабаби, суд аппарати ходимлари келгусида судьялик лавозимига номзод сифатида шаклланади. Шунинг учун, уларнинг касбий билимлари билан бирга, одоб-ахлоқи, ҳалоллик ва адолатга садоқати ҳам доимий равишда мустаҳкамлаб борилиши лозим.

Хуллас, ўтказилган мазкур тадбир суд тизимида коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат маданиятини юксалтириш ва жамоада соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга хизмат қилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги