Мева-сабзавот экспорти рекорд даражага чиқди

7

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг энг муҳим тармоқларидан биридир. Айниқса, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилиш соҳасида сўнгги йилларда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, ташқи бозорларга чиқиш имкониятлари кенгаймоқда.

Маҳаллий маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлиги ошиши натижасида Ўзбекистон мева-сабзавотлари жаҳон бозорида тобора кўпроқ талабга эга бўлмоқда. Шу нуқтаи назардан, ўтган 2025 йилда эришилган экспорт кўрсаткичлари мамлакат аграр салоҳиятининг яна бир ёрқин тасдиғи сифатида намоён бўлди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йилда Ўзбекистон хорижий бозорларга қиймати 2,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 2,2 миллион тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилди.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36,9 фоизга ўсган бўлиб, мамлакат умумий экспортидаги улуши 6,3 фоизни ташкил этди.

Экспорт қилинган маҳсулотлар таркиби мева ва резаворлар – 628,5 минг тонна, сабзавотлар – 582,5 минг тонна, тарвуз ва қовун – 233,6 минг тонна, мош – 148,2 минг тонна ҳамда ерёнғоқ ва ёнғоқлар – 29,3 минг тоннадан иборат.

Шунингдек, бошқа турдаги маҳсулотлар – 540,5 минг тоннадан иборат.

Мазкур натижалар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган халқаро талаб изчил ошиб бораётганини кўрсатади.

Мутахассисларнинг фикрича, экспорт ҳажмининг ўсиши аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, логистика имкониятларининг кенгайиши ҳамда маҳсулот сифати ошгани билан боғлиқ. Шу тариқа, Ўзбекистон мева-сабзавот экспорти бўйича ўз мавқеини халқаро бозорда янада мустаҳкамламоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА