Бу йилги экиш учун уруғлик чигитларни тайёрлаш қандай амалга оширилмоқда?
Бу йил республикамиз бўйича 80 минг гектар майдонга пахта экиш режалаштирилган.
Шундан, навлар бўйича «Султон» навидан 24 минг 981, «С-4727» навидан 8965, «Чимбой-5018» навидан 1676, «Бухоро-102» навидан 700, «Равнақ-2» навидан 135, «Равнақ-1» навидан 372, «С-4728» навидан 3678, «Меҳнат» навидан 1030 ва бошқа тоза навлардан 108 гектар майдонга, жами маҳаллий навлардан 41 минг 645 гектар майдонга ва Хитой навларидан 38 минг 355 гектар майдонга туксиз уруғлик чигит экиш режалаштирилмоқда.
– Туманларда 2026 йил ҳосили учун жами 6243 тонна уруғлик пахта терилган, – дейди «Уруғчиликни ривожлантириш маркази» Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бош мутахассиси Бердибек Наубеев. – Шундан олинадиган уруғлик чигит миқдори 3309 тоннани ташкил этади.
1700 тонна чигитни туксизлантириш ва дорилаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 1692 тонна чигит тозаланди. 369 та чигитни туксизлантириш ва дорилаш ишлари амалга оширилди. Айни пайтда бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.
Бугунги кунда барча пахта-тўқимачилик кластер корхоналарида ва бошқа субъектларда маҳаллий пахта навларидан йиғилган уруғларни саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ускуналари замонавий лазерли фотосепараторлар билан жиҳозланган. Туксизлантирилган ва дориланган чигитлар фақат «Амиробод жайрони» ва «Аму сара уруғлари» МЧЖ уруғ тайёрлаш корхоналарида қайта ишланади.
Республикамизнинг 6 та уруғчилик фермер хўжалиги томонидан элита, биринчи репродукция уруғлик чигитини етиштириш, фермер хўжаликларини сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Тўрткўл туманидаги «Тўрткўл элита уруғчилик хўжалиги» МЧЖ, Амударё туманидаги «Амударё элита уруғчилик хўжалиги» МЧЖ, «NÓKIS-VEST-SEEDS» МЧЖга қарашли элита уруғчилик хўжаликлари ғўзанинг «Султон» нави, Элликқалъа туманидаги «Амиробод Жайрони» МЧЖда ғўзанинг «Равнақ-1» нави, Амударё туманидаги «Аму сара уруғлари» МЧЖда ғўзанинг «Равнақ-2» нави ва Чимбой туманидаги «Чимбой элита уруғчилик хўжалиги» МЧЖда «Чимбой-5018» ғўза нави бўйича элита, биринчи репродукция уруғлик чигит етиштириш, фермер хўжаликларини сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда республикамизнинг тупроқ ва иқлим шароитига мослашган эртапишар, юқори ҳосилли, жаҳон бозори талабларига жавоб берадиган, касалликларга, зараркунандаларга ва экстремал шароитларга, сувсизликка чидамли ғўзанинг янги навларини яратиш бўйича ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда.
Қорақалпоғистон Деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг селекционер олимлари томонидан яратилган пахтанинг янги «KK-3535,» «Чимбой-5060» навлари институтнинг тажриба хўжалигида ҳамда Элликқалъа, Хўжайли, Чимбой туманларидаги нав синаш участкаларида экилиб, синовдан ўтказилиб, илмий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 мартдаги «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида «E-urug‘» ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, жорий йил 15 январдан 5 февралгача пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш учун тендер танловларини ўтказишни ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.
Бугунги кунда ушбу тендер танловлари учун «E-urug‘» ахборот тизимида электрон танловлар асосида қишлоқ хўжалиги субъектларидан аризалар қабул қилинмоқда.
2026 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш мақсадида республикамиз фермер хўжаликлари ўртасида «E-urug‘» ахборот тизимида тендер танлови ўтказилиб, 9600 гектар майдонга уруғлик пахта чигитларини экиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, уруғчиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида уруғчилик хўжаликлари, селекционер олимлар ва уруғчилик билан боғлиқ ишлар билан шуғулланувчи субъектларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида 2026 йил ҳосилидан бошлаб элита уруғлик пахта етиштирувчиларга 50 фоиз, биринчи репродукция уруғлик пахта учун 35 фоиз, иккинчи репродукция уруғлик пахта учун 25 фоиз, учинчи репродукция уруғлик пахта учун 15 фоиз пахта хомашёси қийматига қўшимча ҳақ тўланиши белгиланди.
Бу борадаги тадбирлар қизғин давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги