Беруний туманида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди

19

Беруний тумани ҳокими Икром Хидиров ва туман раҳбарлари ёшлар билан учрашув ўтказди.

Учрашувда мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, кейинги йиллар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда «катта сакраш даври» бўлди.

Бугунги кунда Беруний тумани аҳолисининг 54 мингдан зиёди ёшлардир. Уларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш, ёшлар билан доимий мулоқот ўрнатиш мақсадида «Раҳбар ва ёшлар» учрашувлари мунтазам равишда ўтказилади. Маҳаллаларда фаолият юритаётган 40 нафар ёшлар етакчиси ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшлар ўртасида маънавий муҳит ва дўстликни мустаҳкамлаш, уларни турли спорт тадбирларига жалб этишда фаоллик кўрсатади.

Учрашув очиқ давра суҳбати шаклида бўлиб, бир қатор мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги