Қонунни тўғри қўллаш – адолат кафолатидир

11

Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси С.Давлетмуратов раҳбарлигида туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ва тегишли соҳа вакиллари иштирокида амалий семинар ўтказилди.

Мазкур семинарнинг асосий мақсади жиноят ишлари бўйича тергов сифатини янада ошириш, тергов ва суд жараёнларида амалдаги қонунчилик нормаларини тўғри, аниқ ва изчил қўллаш, шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдан иборат. Шу билан бирга, ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, процессуал камчиликларга йўл қўймаслик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона ёндашувни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўтказилган тадбир давомида жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш жараёнларида учраётган айрим муаммоли жиҳатлар, амалиётда кузатилаётган хато-камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти соҳа ходимларига ҳар томонлама тушунтирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори мазмуни тўлиқ тушунтирилди. Ушбу қарор жазо тайинлаш амалиётида адолат, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойилларини янада мустаҳкамлашга қаратилганига тўхталиб ўтилди.

Семинар якунида иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилиб, амалиётга оид саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди. Бундай тадбирлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жиноят ишларини кўриб чиқишда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги