2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳити қандай бўлди?

Йил давомида бизнес муҳит ижобий кўрсаткичлар оралиғида сақланиб қолди ва ўртача йиллик қиймати 57 бандни ташкил этди, бу эса Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ижобий эканини англатади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказилган сўровномалар асосида 2025 йил учун бизнес муҳити индекси таҳлили натижаларига кўра, умумлаштирилган бизнес муҳити индекси ўртача 57 бандни ташкил этди. Бу 2024 йил кўрсаткичидан 7 фоизга юқори. Ўсиш асосан жорий ҳолат бўйича баҳоларнинг яхшиланиши ҳисобига таъминланди. Жумладан, бизнеснинг жорий ҳолат индекси ўртача йиллик қиймати 22 фоизга ўсиб, 47 бандга етди.
Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 68 банддан 66 бандгача бироз пасайган бўлса-да, етарлича юқори даражада сақланиб қолди. Бу эса жорий шароитларнинг умумий яхшиланиши фонида корхоналар томонидан келажак истиқболларига нисбатан маълум даражада эҳтиёткорлик мавжуд эканини акс эттиради.
Йил давомида бизнес муҳити жамланма индексининг динамикаси турлича кўринишга эга бўлди. Энг юқори кўрсаткич июнь ойида қайд этилиб, 63 бандни ташкил этган бўлса, энг қуйи кўрсаткич январда кузатилди ва 52 бандга тенг бўлди.
Индикаторнинг йил давомидаги тебранишлари ҳам мавсумий омилларни, ҳам бизнеснинг тез ўзгарувчан иқтисодий шароитларга мослашишини акс эттирди.

Шу билан бирга, йил якунига келиб корхоналар ўртасида юқори даражадаги оптимизм сақланиб қолди. Декабрь ойида бизнес муҳити индекси 58 бандни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 бандга ўсиш қайд этилди.
2025 йилда иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида бизнес муҳитининг яхшиланиши кузатилди. Хизмат кўрсатиш соҳасида индекс 58 бандни ташкил этиб, 14,7 фоизга ўсди, қурилишда – 57 банд (+14,2 фоиз), саноатда эса – 54 банд (+6,8 фоиз) қайд этилди.
Қишлоқ хўжалигида индекс кўрсаткичи деярли ўзгаришсиз қолди ва 56 бандни ташкил этди. Бу ушбу секторда бизнес юритиш шароитлари бўйича аввалги баҳолашлар сақланиб қолаётганидан далолат беради.
Ҳудудлар кесимида ўртача йиллик Бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан республиканинг 11 та ҳудудида ўсган. Шу билан бирга, 7 та ҳудудда индекснинг ўртача йиллик қиймати 57 бандни ташкил этди.
Йил якунларига кўра, бизнес муҳитининг энг сезиларли даражада яхшиланиши Қашқадарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида кузатилди. Қорақалпоғистон Республикасида ўсиш 19 фоизни ташкил этди.
Самарқанд вилоятида индекс бироз пасайганига қарамай, бизнес муҳитининг ўртача йиллик қиймати ижобий сақланиб қолди ва 51 бандни ташкил этди. Тошкент вилоятида эса кўрсаткич ўзгаришсиз қолиб, 44 банд даражасида қайд этилди.
Бизнеснинг нархлар динамикаси ва талаб бўйича кутилмалари 2025 йил якунларига кўра, тадбиркорлар орасида келгусида нархлар ўсишини қайд этганлар улуши йиллик ўртача 23 фоизни ташкил этган, бу эса 2024 йилдаги кўрсаткичдан 2 фоиз бандга паст.
Йил давомида инфляцион кутилмалар 18-27 фоиз оралиғида тебраниб турди ва энг юқори кўрсаткич апрель ойида, энг паст кўрсаткичлар эса сентябрь ва декабрь ойларида қайд этилди. Энг юқори нарх кутилмалари қишлоқ хўжалиги ва қурилиш сектори вакиллари орасида кузатилди. Бу харажатларнинг ўзига хослиги ҳамда мавсумий ва об-ҳаво омиллари таъсири билан боғлиқдир.
Шу билан бирга, бозор шароитлари бўйича баҳолашлар етарлича юқори даражада сақланиб қолди. Ўртача 66 фоиз тадбиркорлар товар ва хизматларга талаб ортишини билдирган бўлса, 57 фоиз тадбиркорлар ишчилар сони кўпайишини билдиришган. Умуман олганда, натижалар нархлар динамикасини мўътадил баҳолаган ҳолда, ишбилармонлик фаоллиги ва бандлик бўйича ижобий кутилмалар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

2025 йил учун Бандлик индекси 43 бандни ташкил этди. Бу эса 12 фоизлик ўсишга мос келади. Кўрсаткичнинг энг сезиларли ўсиши хизмат кўрсатиш, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қайд этилди.
Талаб индекси ҳам яхшиланишни кўрсатди. Ўртача йиллик қиймат 48 бандни ташкил этиб, 13 фоизга ўсди. Ўсишга энг катта ҳиссани хизмат кўрсатиш сектори қўшди (кўрсаткич 19 фоизга ошди), қолган тармоқларда — қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида эса талаб индекси мос равишда 6 фоиздан ошди.
Йил давомида бизнес юритишдаги тўсиқларнинг босқичма-босқич камайиши кузатилди. Сўров натижаларига кўра, 60 фоиз тадбиркорлар бизнес юритишда қийинчиликларга дуч келмаганликларини билдирган. Бу 2024 йилга нисбатан 6 фоизга юқори.
Саноат соҳасида электр таъминоти, юқори солиқ ставкалари, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар камайган.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда молиялаштириш билан боғлиқ тўсиқлар мос равишда 7 фоиз ва 5 фоизга сезиларли даражада қисқарди. Шикоятларнинг умумий камайишига қарамай, қурилиш ва саноатдаги тадбиркорлар асосий тўсиқ сифатида ҳали ҳам молиялаштиришни (ҳар бир тармоқда 11 фоиздан) кўрсатмоқда.
Маълумот учун: бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА