Халқ розилиги — олий мақсад: маҳалла ва касаба уюшмаси бир мақсад сари

Бугунги Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда Касаба уюшмасининг ҳамкорлик бўйича тузилган Меморандуми – том маънода тарихий воқеа бўлди.
Жорий йилнинг Президентимиз томонидан «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб белгиланиши маҳалла институтига бўлган алоҳида эътиборнинг ифодаси бўлиши билан бирга олдимизга улкан масъулиятни: халқимиз розилиги йўлидаги тинимсиз изланишдек вазифани белгилаб берди.
Тузилган меморандум ушбу вазифаларнинг ижобий ечимини топишга яқиндан кўмаклашувчи ҳужжат бўлди. Хусусан, биз кундалик фаолиятимиз давомида хотин-қизлар дафтари орқали ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Жумладан, тўққиз моддадан иборат меморандум орқали 10 та маҳаллага касаба уюшмаси томонидан бир нафар ходим бириктирилиб, ҳудуд етакчилари билан бирга муаммоларни ўрганиб, ижтимоий ёрдамга муҳтожлик даражасини аниқлаш ва муаммоларини бартараф этишда яна бир ечим бўлди. Касаба уюшмаси билан бирга хотин-қизларнинг муаммолари манзилли ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилса ва кундалик муаммолари бўйича биргаликда сайёр қабуллар ташкил этиб борилса, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишда янги босқич бўлади. Бу бизнинг аёлларимизга бўлган ҳурмат билан бирга аёлларимизнинг розилиги йўлида амалга оширилган эзгу ишларнинг яққол ифодасидир.
Чунки халқимиз «аёл рози бўлган уйда барака бўлади,» деб бежиз айтмаган.
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ва ҳар бир маҳаллага янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришдек вазифа белгилаб берилди. Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси билан ҳамкорликда касаба уюшмасининг ҳамкорлик бўйича тузилган Меморандумида ҳам ушбу масалалар устувор ўрин эгаллайди ва бу вазифаларни ҳис этган ҳолда биз маҳалла ходимлари халқимиз розилиги ва фаровон ҳаёти йўлида бор куч-ғайратимиз ва билимимизни аямасдан хизмат қиламиз, деб ишонтирамиз.
Ф.Палванова,
Чимбой тумани Бердақ МФЙ бошлиғи.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги