Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш чоралари кучайтирилмоқда

22

Энергия самарадорлиги ва барқарор ривожланиш масалалари юртимиз давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланган. Шу муносабат билан Энергетика вазирлигида 2026 йилда энергия ресурсларини тежаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатиш бўйича қарор лойиҳаси муҳокама қилинди.

Йиғилишда Энергетика вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими, Бош прокуратура, “Ўзенергоинспекция” ва “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбарлари иштирок этди. Унда энергия самарадорлигини ошириш, барқарор манбаларни жорий этиш ва иқтисодий самарадорликни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, электр энергияси, табиий газ ва суюлтирилган углеводород газидан самарали фойдаланиш, уй-жой ва саноат объектларида энергия тежамкор қурилмаларни кенг жорий этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш муҳим масалалардир. Шу билан бирга, мамлакат иқтисодиётида энергия самарадорлигини ошириш туфайли харажатларни қисқартириш ва экологик барқарорликка эришиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Тадбирда айнан шу вазифалар таҳлил этилди.

Йиғилиш якунида энергия ресурсларини тежаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва тежамкор қурилмаларни ўрнатиш соҳасида мавжуд имкониятларни аниқлаш ва самарали фойдаланиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу гуруҳ томонидан аниқ вазифалар белгиланиб, улар босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА