Фаол дипломатия: Ўзбекистон – Европа муносабати янги босқичда

15

2025 йил Ўзбекистоннинг Европа йўналишидаги ташқи сиёсати янги, ўта фаол босқичга кўтарилди.

Давлат раҳбарининг Бельгияга ташрифи, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши мамлакатнинг стратегик манфаатини ҳимоя қилиш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланди. Бу жараён фақат икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан чекланмай, минтақавий ва глобал иқтисодий алоқаларда республикамиз ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қолаверса, фаол дипломатиянинг бундай ўзига хос намунаси юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги ва Европа стандартига мослашаётганини ҳам кўрсатади.

Қуйида сиёсий фанлар доктори, профессор Дурбек Сайфуллаевнинг айни мавзуга оид фикрлари келтирилган.

– Давлатимиз раҳбарининг Бельгияга ташрифи доирасида икки йирик воқеа юз берди. Биринчиси – Ўзбекистон Президентининг Бельгия Қироллиги раҳбарияти билан учрашув, иккинчиси – Европа Иттифоқи етакчилари билан олиб борилган фаол музокара ва эришилган келишувлар.

Қирол Филипп билан учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Умуман, кейинги йилларда Ўзбекистон – Бельгия муносабати изчил ривожланаётгани кузатилмоқда.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёв кўҳна қитъанинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан мулоқот ўтказиб, шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган тўрт муҳим йўналишни белгилаб берди.

Биринчидан, Бельгия томони диёримизда стратегик хом ашё ва минералларни ўзлаштириш ҳамда чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаларини биргаликда амалга оширишдан манфаатдорлиги таъкидланди. “Яшил иқтисодиёт” ва кимё саноати ҳам истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди. Республикамизда қайта тикланадиган энергетика фаол жорий этилмоқда, энергетика тизими такомиллаштирилмоқда. Шу боис, Европалик ҳамкорларга яшил энергетика, энергия тежамкорлиги ва экологик кимё йўналишларидаги ташаббусларда иштирок этиш таклифи берилди.

Иккинчидан, инфратузилма ва логистикани ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон автомобиль йўллари, темир йўллар ва аэропортларни бирлаштирган транспорт тармоғини модернизация қилмоқда. Шу жиҳатдан мамлакатимиз транзит йўналишларини ривожлантириш, Европа ва Осиёни боғлайдиган замонавий логистика марказлари барпо этиш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёрлиги айни муддао.

Учинчидан, рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, IT-парклар ва стартап инкубаторларини жадал ривожлантираётган Ўзбекистон Европа компаниялари билан сунъий интеллект ва кибер хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Тўртинчидан, мулоқот иштирокчилари мамлакатимизда хорижлик сармоядорлар учун яратилган шаффоф тизим, барқарор шароитни юқори баҳолаб, юртимизда янги қўшма лойиҳа ва ташаббуслар амалга ошириш ниятини тасдиқладилар.

Ўзаро муносабат стратегик даражага кўтарилди

2025 йил 24 октябрь куни Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антонио Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) имзоланди.

Мазкур ҳужжат 1996 йил имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосланган ҳамкорлик ҳуқуқий базасини янгилаб, сезиларли даражада кенгайтиради. Янги битим лойиҳаси бўйича музокара 2019 йил февраль ойида бошланиб, 2022 йил июль ойида якунланди.

9 бўлим, 356 модда, 14 иловадан иборат бу келишув икки томонлама муносабатнинг турли йўналишларини қамраб олган. Ҳужжат сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестиция, барқарор ривожланиш, фан ва таълим, инновация ва юқори технология, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда иқлим ўзгариши бўйича шерикликни ривожлантириш учун кенг қамровли ҳуқуқий асос яратади. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатида янги босқични бошлаб бериб, кўп қиррали шерикликни янги даражага олиб чиқади.

Амалий натижа

Бельгияга амалга оширилган расмий ташриф, шубҳасиз, муҳим ва тарихий воқеа. EPCA тасдиқланиши кейинги ўн йиллик алоқаларни белгилаб берувчи кенг қамровли ҳужжатдир.

Шу тариқа Европанинг Марказий Осиёдаги стратегик ҳамкорларидан бири сифатида, Ўзбекистон глобал савдо, икки ва кўп томонлама боғлиқлик ҳамда энергия диверсификацияси учун тобора муҳим аҳамият касб этиши расман эътироф этилди. Энди ЕИ бозорларига мамлакатимиз товарлари учун йўл очилади, миллий меъёрлар ЕИ стандарти билан уйғунлашади.

Таъкидлаш жоиз, битим имзоланиши билан томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аввалги саъй-ҳаракатларига мантиқий якун ясалди. Энг муҳими, Ўзбекистоннинг бундай ўта фаол сиёсати бутун Марказий Осиё учун стратегик аҳамиятга эга.

O'zbekiston JST a'zosi bo'lish uchun faqat bir davlat bilan muzokarani  yakunlashi qoldi

Дарвоқе, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокарани якунловчи қўшма баёнот қабул қилиниши ҳам рамзий, ҳам амалий аҳамиятга эга. Бу Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар изчиллиги ва тизимлилигини яққол намоён этади. Минтақа мамлакатлари учун эса иқтисодий модернизация ва шаффоф савдо сиёсати жаҳон иқтисодиётига адолатли шартлар асосида интеграциялашувга олиб келишининг ёрқин намунасидир.

Мусулмон Зиё, ЎзА