Эътибор-хавфсизлик гарови

Пресс-конференция
Бизнинг яшаётган кундалик ҳаётимизда қувончли вазиятлар билан бирга ёрдамга муҳтож бўладиган ноқулай вазиятлар ҳам учраб туради. Биргина хато ёки эътиборсизлик оқибатида турли кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқиши мумкин. Эҳтиёткорлик ва белгиланган қоидаларга мувофиқ иш олиб боришда кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олиниши мумкин, аксинча бўлса, бизга ёрдамга етиб келадиган, ёрдам қўлини чўзадиган инсонларнинг хизматлари ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида ёнғин чиқиши, қишнинг қировли кунларида энг кўп учрайдиган заҳарли газдан зарарланиши, шунингдек, бошқа офатлардан жабр кўрганларга ёрдам қўлини чўзадиган Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларининг хавотирли хизмат вазифасини Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Хўжайли тумани бўлимида бўлиб ўтган ўқув-машғулот вазифаларини бажарган вақтларида кўриб гувоҳ бўлдик.
Фавқулодда вазиятлар Хўжайли тумани бўлимида ўтган 2025 йилда амалга оширилган ишлар якуни бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ва пресс-конференция ташкил этилди. Унда сўзга чиққан Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот котиби А.Абдирахманов ва Хўжайли тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Қ.Аметовлар ўтган йил давомида олиб борилган ишлар бўйича маълумотлар берди. Таъкидланишича, қиш кунлари заҳарли газдан фуқароларнинг заҳарланиб, турли кўнгилсиз ҳолатларга учраётганлиги фуқароларнинг мутахассисларнинг ҳар қандай тарғибот ишларини олиб боришига қарамасдан уйидаги иситиш тизимларини маълум қоидаларга амал қилмасдан ёқиши ва печь мўриларини тозалатмаслиги билан хоналарда ҳаво ўтказувчи жойларнинг йўқлиги, асосан эътиборсизлик оқибатида келиб чиқаётганлиги мисоллар билан айтиб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда таъкидланишича 2025 йил 12 ой давомида туманда жами 52 ёнғин ҳолати қайд этилган. Бу кўрсаткич 2024 йил 12 ой давомида 30 ёнғин ҳолати бўлган бўлса, 22 ёнғинга кўпайган. Шундан, 38 ёнғин фуқаролар турар жойларида, 1 ёнғин қишлоқ хўжалиги ерларида, 9 ёнғин очиқ майдонларда, 4 ёнғин автотранспорт воситаларида содир бўлган. Демак, ёнғинларнинг аксарият қисми қарийб 75 фоизи фуқаролар турар жойларида юз берган. Шунингдек, 65 маротаба оғир вазиятда қолиб мурожаат қилган фуқарога қутқарувчилар томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Куз-қиш мавсумида бўлим ва тегишли соҳа вакиллари билан биргаликда ўрганишлар, текширишлар, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, фуқароларнинг хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслиги натижасида 1 ҳолатда 3 фуқаро, шу жумладан 2 нафари вояга етмаганлар бўлиб, иситиш қозонлари, печь мўриларини мавсум олдидан тозаламаганлиги натижасида оғир кўнгилсиз ҳолатлар юз берган.
Бунинг сабаби уй ичига ёки яшаш хонасига сунъий равишда ясалган иситиш қозонини ўрнатиб, хавфсизлигини таъминламай яъни мўрисини тозаламай, лой ёки носозлигини текширмай туриб газни ёқиб фойдаланаётганлиги оқибатида юз бермоқда.
Туман ҳудудида жами 130 дан ортиқ кўп қаватли турар жойларда 2524 га яқин хоналар (квартиралар) мавжуд бўлиб, аксарияти эски даврларда қурилган уйлар бўлиб, келгусида иситиш тизими марказий бўлганлиги, кейинчалик фуқаролар томонидан ўз уйларига қўлбола усулда ишланган иситиш қозонхоналарини (қозонхона) ўрнатиб олишлари сабаб бўлмоқда.
Бўлим инспекторлари томонидан йил давомида давлат объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларида ёнғинга қарши текширувлар ўтказилиб, объектларда аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Туман ҳудудида йил давомида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича корхона, ташкилот ва маҳаллаларда йиғилишлар ўтказилиб, унда юз бериши мумкин бўлган турли фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.
Тадбир давомида бўлим ходимлари иштирокида ўқув-машғулот ишлари олиб борилиб, унда ёнғин содир бўлганда олиб бориладиган чора-тадбирлар амалда кўрсатилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан мутахассисларга саволлар берилиб, тегишли жавоблар олинди. Ёнғин содир бўлганда қўлланиладиган мутахассислар қуроллари кўргазмаси ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги