Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар жами 181,3 миллиард сўм солиқ тўлади
Бугунги кунда рақамли хизматлар нафақат ҳаётимизга кириб келмоқда, балки иқтисодиётда ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар томонидан тўланган солиқлар 2025 йилда 181,3 миллиард сўмга етди, бу эса ўтган йилга нисбатан 50 фоизга кўп. Бу рақамлар рақамлаштириш сиёсатининг самарали ижро этилаётганини ва давлат бюджетининг барқарорлашувида ушбу секторнинг аҳамиятини очиқ кўрсатади.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2025 йилда Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 78 та хорижий компания жами 181,3 миллиард сўм солиқ тўлади, бу 2024 йилга нисбатан 50 фоизга кўпроқ тушум деганидир. Бу рақамлар рақамлаштириш стратегиясининг самарадорлигини, солиқ тўловчиларнинг кенгайишини ва рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланаётганини очиқ кўрсатмоқда.
Бугунги кунда рақамлаштириш нафақат хизматлар сифати ва қулайлигини ошириш, балки солиқ тушумларини барқарорлаштириш ва инновацион иқтисодиётни юзага чиқаришда муҳим омилга айланган.
Бугунги кунда дунёнинг етакчи технологик компаниялари Ўзбекистон бозорида фаолият юритмоқда ва ўз хизматларини миллионлаб фойдаланувчиларга етказмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2025 йилда энг кўп солиқ тўлаган 10 та электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компания: Apple (49,5 млрд.), Meta (49,0 млрд.), Google (44,4 млрд.), OpenAI 11,7 (млрд.), Booking.com (4,3 млрд.), TikTok (3,5 млрд.), Netflix (1,8 млрд.), Acca (1,6 млрд.), Xsolla (1,5 млрд.), Amazon (1,4 млрд.) сўм солиқ тўлаган.
Бу компаниялар нафақат фойдаланувчилар сони бўйича йирик, балки солиқ тўловчиларга бўлган муносабатни тўғри йўлга қўйган етакчи ҳисобланади. Улардан айримлари миллионлаб фойдаланувчиларга хизмат кўрсатади, бошқалари эса Ўзбекистон бозорида инновацион технологияларни жорий этишда устун рол ўйнайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 281‑моддасига мувофиқ, электрон хизматлар кўрсатувчи чет эллик юридик шахслар, ўтган чоракдан кейинги ойнинг 20‑кунига қадар солиқ ҳисоботларини топшириши, солиқларни тўлаши мажбурий этиб белгиланган. Бу тартиб солиқ тушумларини ўз вақтида қамраб олиш ва бюджетни барқарорлаштиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, чет эллик компаниялар Ўзбекистонда доимий ваколатхонага эга бўлмасалар ҳам, электрон хизматлар орқали тушган даромадлар солиқ назорати остида ушлаб қолинади. Бу эса халқаро стандартларга мос келадиган солиқ тизимини шакллантиради.
Яна бир маълумот, 2025 йилда солиқ тушумлари 2024 йилга нисбатан 50 фоизга ўсди. Бу кўрсаткич бир неча омил билан изоҳланади. Жумладан, Ўзбекистон аҳолиси интернетдан фаол фойдаланади, рақамли хизматларга талаб ошмоқда. Бу эса хизмат кўрсатувчи компаниялар даромадларини оширади. Солиқ кодекси ва бошқа норматив ҳужжатлар орқали солиқ тўловчиларнинг аниқ мажбуриятлари белгиланган. Электрон солиқ ҳисоботларини қабул қилиш ва мониторинг тизимлари модернизация қилинмоқда, солиқ тушумларини аниқлаш осонлашди. Натижада олинаётган тушумлар нафақат ўсмоқда, балки тартибли, очиқ ва шаффоф йўл билан қопланмоқда.
2025 йилда электрон хизматлар бўйича солиқ тушумларининг сезиларли даражада ўсиши рақамли иқтисодиётнинг мустаҳкам пойдеворига айланганини кўрсатади. Бундай жараёнлар рақамли хизматларга бўлган талабни қондиришда, солиқ тушумларини кўпайтиришда, юқори технологияларни жорий этишда, халқаро компанияларни Ўзбекистон бозорига жалб этишда самарадорликни оширади. Келгусида бу тенденциялар янада мустаҳкамланади ва солиқ сиёсатлари, технологик базалар ва халқаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон глобал рақамли иқтисодиётда янада ривожланишига хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА