Маънавият – ёшлар ҳаётидаги йўлчи юлдуз

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талаба-ёшлар учун «Жаҳолатга қарши маърифат» мавзусида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Мақсад – ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни турли зарарли ғоялардан хабардор қилиш ҳамда илм-маърифатга бўлган қизиқишини оширишдан иборат.
Учрашувни филиал директорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Х.Абдижалиев очиб, бугунги кунда ёшларга берилаётган таълим-тарбия жамият ривожланишининг асосий омилларидан бири эканлигини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармасининг Нукус шаҳар мутахассислари иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.
Улар диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва соғлом эътиқод масалаларига тўхталиб, турли нотўғри қарашлар ва сохта хабарларга қарши онгли равишда ёндашиш муҳимлигини тушунтирди. Шунингдек, мутахассислар томонидан бугунги ахборот оқими кучайган бир даврда ёшларнинг танқидий фикрлаши, ишончли манбаларни ажрата олиши ва ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш маданияти ҳақида тавсиялар берилди.
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги