Гиёҳвандлик воситалар аниқланди

7

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими, ДХХ, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилган тезкор тадбир натижасида тахминан оғирлиги 1,14 грамм бўлган «опий» ва 17,83 грамм бўлган «гашиш» гиёҳвандлик воситалари аниқланди.

Дастлабки олинган тезкор маълумот асосида Хоразм  вилояти Тупроққалъа туманида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбир давомида, «Тошкент-Нукус» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бошқарувидаги «ISUZU» русумли автотранспорт воситаси А-380 автомагистраль йўлининг Тупроққалъа тумани ҳудудидаги катта йўл бўйида тўхтатилиб кўздан кечирилди.

Натижада ушбу фуқаронинг кийим чўнтагида гугурт қутисига яширилган, рангсиз целлофан пакетга ўралган, тахминан оғирлиги 1,14 грамм бўлган «опий» гиёҳванд моддасига ўхшаш моддалар борлиги аниқланиб, кейинчалик текшириб кўриш учун вақтинча сақлашга олинди.

Яна бир тезкор ҳолатда, олдиндан кузатувга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Нукус шаҳри «Тоза бозор» ҳудудида ҳаракатланиб келаётган вақтида тўхтатилиб, гувоҳлар иштирокида кўздан кечирилганда, фуқаронинг кийим чўнтагида 1 дона рангсиз целлофан пакетга ўралган, ўрами билан тахминан оғирлиги 17,83 грамм бўлган «гашиш» гиёҳванд моддасига ўхшаш моддалар борлиги аниқланди.

Тайинланган экспертиза хулосаларига кўра ушбу моддалар гиёҳванд моддалар эканлиги тасдиқланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги