Президент давлат стипендиясига номзодлар саралаб олинди

34

2025/2026 ўқув йили учун магистратура босқичи бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси танловининг республика босқичи ўз ниҳоясига етди.

Мазкур босқичда Махсус танлов комиссияси томонидан республика миқёсида белгиланган 22 та танлов йўналиши бўйича номзодлар билан суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар жараёнида ўз билим, салоҳият ва иқтидорини намоён этган энг муносиб номзодлар яширин овоз бериш йўли билан аниқланиб, натижада 22 нафар ғолиб танлаб олинди.

Танловнинг якуний натижалари олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов томонидан эълон қилинди. У ўз нутқида ушбу босқичга етиб келишнинг ўзи катта ютуқ эканини таъкидлаб, ғолибларни самимий табриклади.

– Сизларнинг бугунги натижаларингиз эртанги кунимиз пойдевори, дейди Сардор Ражабов. – Ишончим комилки, сизлар келгусида мамлакатимиз тараққиёти ва илм-фан равнақига муносиб ҳисса қўшасиз.

Президент давлат стипендияси совриндорлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ҳайъат қарори билан тасдиқлангач, белгиланган тартибда расман эълон қилинади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА