Дунёда юз бераётган энг муҳим воқеаларга қисқача шарҳ

Эрон АҚШ таҳдидларига кескин жавоб беришга тайёр
АҚШ президенти Дональд Трампнинг таҳдидли баёнотларидан сўнг Эрон Ташқи ишлар вазирлиги эҳтимолий ҳужумга “дарҳол ва кучли” жавоб қайтарилишини билдирди. Расмий Теҳрон дипломатик йўллар очиқ эканини айтган бўлса-да, суверенитетга тажовуз қатъий қарши олиниши таъкидланди.
Имрон Хоннинг соғлиғи хавф остида экани маълум қилинди
Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хоннинг кўзи жиддий шикастлангани ва у тўлиқ тиббий ёрдам ола олмаётгани хабар қилинди. The Guardian маълумотига кўра, у узоқ вақт якка камерада сақланган, вақтида даволанмаслик кўриш қобилиятига доимий зарар етказиши мумкин.
Кениялик экофаол 72 соат дарахтни қучоқлаб рекорд ўрнатди
22 ёшли Труфена Мутони дарахтни узлуксиз 72 соат қучоқлаб туриб, Гиннес рекордлар китобига кирди. У бу ҳаракати орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатга эҳтиёткор муносабатни тарғиб қилди.
Қирғизистон Ҳиндистондан айрим импортни вақтинча тақиқлади
Қирғизистон Нипаҳ вируси хавфи сабаб Ҳиндистондан айрим ҳайвонлар ва уларнинг маҳсулотлари импортини вақтинча тўхтатди. Вирус ҳайвонлардан инсонга юқиши мумкин бўлган хавфли инфекция ҳисобланади ва ҳозирча унга қарши вакцина мавжуд эмас.
Колумбияда йўловчи самолёти ҳалокати: 15 киши вафот этди
Колумбияда Satena авиакомпаниясига тегишли Beechcraft 1900 самолёти қулаши оқибатида бортда бўлган барча 15 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлди. Самолёт Кукутадан Оканияга учаётган бўлган, ҳалокат сабаблари ўрганилмоқда.
Озарбайжонда болалар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш таклиф этилди
Озарбайжон парламенти болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тартибга солиш масаласини муҳокама қилмоқда. Таклифга кўра, вояга етмаганлар учун рухсат этилган контент ва фойдаланиш қоидалари жорий этилиши мумкин.
Сурия президенти Россия билан ҳарбий базалар масаласини муҳокама қилди
Сурия президенти Аҳмад Аш-Шаръа Москвада Владимир Путин билан учрашиб, Россиянинг Суриядаги ҳарбий базалари ва ҳудудий назорат масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик ва Сурия ҳудудий яхлитлигини тиклаш мавзуларига эътибор қаратилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги