Заргарлик соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари сони қарийб 4 баробарга кўпайган

39

Қонун лойиҳасига шарҳ

Мамлакатимизда заргарлик саноатини янада ривожлантириш, республикада ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмларининг ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда заргарлик буюмлари экспортини оширишга қаратилган ишлар натижасида заргарлик саноатида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

Хусусан, 2025 йилнинг ўзида соҳада фаолият олиб борувчи тадбиркорлар сони 2 минг 700 тадан ошди. Яъни, қарийб 4 баробарга кўпайди. Экспорт кўрсаткичи эса 5.1 тоннага ёки 439 миллион АҚШ долларига етди. Бу эса аввалги йилга нисбатан экспорт ҳажми 4,7 баробарга ошганини кўрсатади.

Эндиликда қимматбаҳо металлардан ясалган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясининг хулосасини олиш назарда тутилмоқда. Бу эса қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, улардан ясалган заргарлик ҳамда бошқа буюмларнинг ноқонуний айланмасини камайтиришга хизмат қилади.

Парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасида ушбу масалалар ўз аксини топган.

Мазкур ҳужжатга кўра, 2029 йил 1 февралгача заргарлик соҳасидаги ишлаб чиқарувчиларга бир қатор имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда. Яъни, уларнинг яратаётган иш ўрнига қараб, сотиб олинаётган қимматбаҳо метал ва олтин нархида (1 фоиздан 4 фоизгача) чегирма берилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бирор бир давлатда бундай имтиёз йўқ.

Мазкур қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги давлат сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий заргарлик саноатини ривожлантириш ҳамда қонуний фаолият олиб бораётган маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА