Президент давлат стипендияси: бугун танловнинг республика босқичи ўтказилмоқда

Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда илмий-тадқиқот ва ижодий фаолиятга кенг жалб этиш давлат сиёсати даражасида устувор вазифалардан биридир. Шу мақсадда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси ҳамда номли давлат стипендияларига ўтказиладиган танловлар иқтидорли талабаларни рағбатлантириш, уларнинг билим ва кўникмаларини янада чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2025/2026 ўқув йили учун магистратура ва бакалавриат талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва 11 та номли давлат стипендиялари танловларининг республика босқичи тўлиқ рақамлаштирилиб, очиқ-ошкоралик тамойили асосида ўтказилди.
Электрон тизимда талабаларга олган балларини билиш ҳамда апелляция аризасини бериш имконияти яратилди.
Қайд этилишича, жорий йилда давлат стипендияларига ажратилган жами 933 та квотага 1 минг 706 нафар талабгордан аризалар келиб тушди.
Бакалавриат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига жами 180 та олийгоҳнинг ҳар бирига 1 тадан квота ажратилган. Жумладан, 58 та нодавлат ва 28 та хорижий олийгоҳга ҳам квота берилиши кўзда тутилган. Бироқ ушбу квоталарга 142 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан, тақдим этган ҳужжатларида камчилик бўлмаган 128 нафари Махсус комиссияга юборилган ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларига қатнашиш учун тавсия этилган. Ўтказилган тест синовларига 4 нафар талабгор турли сабабларга кўра қатнаша олмаган.
Номли давлат стипендияларига жами 731 та квота ажратилган. Ушбу квоталарга жами 1 минг 369 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан, тақдим этган ҳужжатларида камчилик бўлмаган 1 минг 256 нафари Махсус комиссияга юборилган ва кўриб чиқилган.
Магистратура бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига ҳар йили жами 22 та танлов йўналиши бўйича 1 тадан квота ажратилади. Жорий йилги танловларда 22 та танлов йўналишига олийгоҳлардан жами 195 нафар талабгорнинг ҳужжатлари тақдим этилди. Шундан, тақдим этган ҳужжатларида камчилик бўлмаган 161 нафари Махсус комиссияга юборилган ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларига қатнашиши учун тавсия этилган. Ўтказилган тест синовларида 7 нафар талабгор турли сабабларга кўра иштирок этмаган.
Ўтказилган тест натижаларига кўра, 22 та танлов йўналиши бўйича жами 61 нафар талабгор суҳбат босқичига тавсия этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясининг республика босқичи бугун, 29 январь куни бўлиб ўтмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА