Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг сиёсий партиялар фаолияти иштирокини қўллаб-қувватлаш мавзуси сўз этилди

O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Қонликўл туманида жойлашган “KANTEX INVEST” масъулияти чекланган жамиятида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини кенг тарғиб қилиш ҳамда партия сафига янги қабул қилинган аъзоларга партия гувоҳномаларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, корхона раҳбарияти, ишчи-ходимлар, жамоатчилик фаоллари ҳамда партия аъзолари иштирок этди.
Тадбир давомида O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аёллар муаммоларини ўрганиш ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўлими мудири Ш.Абдираманова сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотлари, хусусан, ушбу ҳужжатда белгиланган 25-мақсад доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан батафсил тушунчалар берди.
Шунингдек, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган гендер тенгликни таъминлаш сиёсати, хотин-қизларнинг жамият ва сиёсий партиялар фаолиятидаги иштирокини янада кенгайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш мақсадлари алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари “KANTEX INVEST” МЧЖ фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Хусусан, корхонада хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун хавфсиз ва қулай иш жойларини яратиш, ишлаб чиқариш жараёнида меҳнат муҳофазаси талабларига қатъий риоя этиш, махсус иш кийимлари ва зарур техник воситалар билан таъминлаш, шунингдек, ишчи-ходимларнинг касбий малакасини оширишга қаратилган ишлар ижобий баҳоланди.
Тадбир давомида иштирокчилар O‘zLiDeP партиясининг асосий мақсад ва вазифалари, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда фаол иштирок этишга қаратилган дастурий ғоялари билан батафсил танишдилар. Партия томонидан илгари сурилаётган амалий ташаббуслар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Натижада ушбу ғояларни қўллаб-қувватлаш истагини билдирган фуқаролар партия сафига қабул қилиниб, уларга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Мазкур тадбир “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, аҳолининг сиёсий онги ва фаоллигини ошириш, айниқса, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги