Ўзбекистон – Жанубий Корея: тараққиёт ва тинчлик йўлидаги изчил ҳамкорлик

38

Бугун Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 34 йил тўлди. 1992 йил 29 январда тамал тоши қўйилган алоқалар ўтган йиллар давомида чуқурлашиб, минтақавий барқарорлик, сиёсий ишонч ва ўсиб бораётган умумий иқтисодиётга асосланган стратегик шериклик даражасига чиқди.

Сиёсий мулоқот ва стратегик шериклик

Ўзбекистон ва Жанубий Корея дипломатик алоқа ўрнатгандан сўнг икки томонлама сиёсий мулоқот тизими мустаҳкамланди. 2006 йил имзоланган, кейинчалик 2014 йил муносабатни янада чуқурлаштириш мақсадида янгиланган ҳолда қабул қилинган қўшма декларация сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига 2024 йил 14 июнь кунги давлат ташрифи давомида эса давлат етакчилари Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги баёнотни имзоладилар.

Ҳозирги кунда сиёсий мулоқот мунтазам тус олиб, ҳукуматлар, вазирликлар иштирокида юкори даражали учрашувлар, видеоконференциялар ташкил этилмоқда. Бу икки мамлакат бошқарув идоралари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Иқтисодий ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқалар

Жанубий Корея Ўзбекистон учун муҳим савдо-иқтисодий шерикка айланган. 2023 йил икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард доллар эди, 2024 йил бу кўрсаткич 2 баробар ошди. Бу алоқалар фаол ва самарали кенгайиб бораётганидан далолат.

Корея Республикаси инвестицияси мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Жалб қилинган сармоянинг умумий миқдори 7,5 миллиард доллардан ошган, бу маблағ саноат, энергетика, қурилиш, тўқимачилик ва бошқа устувор соҳаларда тобора кенгаймоқда.

Иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт ва инновация технологияларини жорий этишдир. Масалан, юртимизда корейс технологияси асосида KTX тез юрар поездлар учун 42 та вагон етказиб бериш бўйича келишув имзолангани Ўзбекистон темир йўл инфратузилмасини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Маданият, таълим ва гуманитар йўналишлардаги алоқалар

Маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳам ҳамкорлик кенгаймоқда. 2024 йил 14 июнда Ўзбекистон ва Жанубий Корея маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувлар имзолади.Бу икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлади.

Шунингдек, университетлар ва илмий марказлар ўртасида алмашинув дастурлари, илмий-тадқиқот ҳамкорлиги ва илмий-технологик лойиҳалар фаоллашмоқда.

Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш сиёсати давом этмоқда. Жанубий Корея томони Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотларга кириши, хусусан Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) ва “Asian Cooperation Dialogue” каби майдонларда қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бу муносабатлар 34 йил давомида шунчаки расмий дипломатияни ифодалаш доирасидан чиқиб, стратегик шериклик дастури сифатида шаклланди ва барча устувор соҳаларни қамраб олди. Ўзаро алоқалар иқтисодий тараққиётни рағбатлантириб, минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қолаверса, икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва дўстлик келажак авлодлар учун янги имкониятлар очмоқда.

Дилшод Ҳакимов, ЎзА