Патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари тун-у кун уч сменали хизмат режимига ўтади

29

Президентимиз янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берди.

Ўтган йили туманда олдини олиш мумкин бўлган 1 минг 407 та жиноят содир этилган. Уларнинг 40 фоизи маҳалла ҳудудида бўлган. Ёки ўғрилик, талончилик, тан жароҳати, безорилик каби жиноятлар асосан тунги вақтда содир этилмоқда.

Шу боис, жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади.

Патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари тун-у кун уч сменали хизмат режимига ўтади ҳамда 70 фоизи соат 17 дан тунги 3 гача патруллик қилади. Патрул гуруҳлари ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.

Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади.

Бундан буён туман ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари ва 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари бошқа ишларга умуман жалб қилинмайди. Уларнинг фаолияти фақат вазирнинг буйруғи билан тартибга солинади.

ЎзА