Ўзбекистон – Германия: Тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон тўқимачилик ва мода саноатининг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва экспорт салоҳиятини кучайтириш йўлида фаол ислоҳотлар олиб бормоқда.
Шунингдек, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш натижасида миллий тўқимачилик саноатини замонавий стандартлар ва технологиялар билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мазкур йўналишда Германиянинг “Gesamtmasche” уюшмаси билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса соҳадаги инновация ва малакали кадрлар тайёрлаш жараёнларига ижобий таъсир этади.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда Германиянинг “Gesamtmasche” ташкилоти вакиллари билан ўтказилган галдаги учрашувда 2023-2025 йилларда ҳамкорликда амалга оширилган “GUZ Partners” лойиҳаси доирасида эришилган ютуқлар ва лойиҳанинг кейинги босқичида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “GUZ Partners” лойиҳаси доирасида 2023-2025 йилларда 25 та ўқув семинари, 8 та ихтисослаштирилган тадбирлар ўтказилиб, 2 000 нафардан зиёд соҳа мутахассисининг малакаси оширилган.
Мазкур лойиҳа юртимиз тўқимачилик саноатида малакали кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистон тўқимачилик саноати имижи ҳамда экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар галдаги режаларни белгилаб олди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА