Хориж хабарлари (+видео)
АҚШни қамраб олган Арктика совуқлари: 1 миллиондан ортиқ киши электрсиз қолди
Бугун 26 январь санасида дунёда бир қатор воқеалар содир бўлди: Филиппин жанубида паром чўкиб, камида 15 киши ҳалок бўлди, 28 киши бедарак йўқолган; АҚШда қишки бўрон 1 миллиондан ортиқ одамни электрсиз қолдирди, 11 мингдан ортиқ рейслар бекор қилинди; Австралияда рекорд даражада иссиқ тўлқини кузатилмоқда, Дональд Трамп эса Канада-Хитой савдо келишуви юзасидан таҳдид билан чиқди.
Филиппин жанубида паром ҳалокати
Филиппин жанубида МВ Триша Керстин 3 йўловчи кемаси чўкди. Камида 15 киши ҳалок бўлди, 28 киши бедарак йўқолган. 316 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси қутқарилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Омон қолганлар Изабела портига етказилиб, тиббий ёрдам олмоқда.
АҚШни қамраб олган Арктика совуқлари
АҚШнинг кенг ҳудудини қишки бўрон қамраб олди. Қалин қор, музлаган ёмғир ва -50°C ҳарорат сабаб жанубдаги 1 миллиондан ортиқ аҳоли электрсиз қолди, камида 12 штатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 11 мингдан ортиқ авиакомпания рейслари бекор қилинди. Расмийлар аҳолини уйда қолишга чақирмоқда.
Япония бош вазирининг қўллаб-қувватлови пасайди
Сўровга кўра, Япония бош вазири Санаэ Такаичи ҳукуматининг маъқуллаш рейтинги декабрдаги 75 фоиздан 67 фоизга тушди. 26 фоиз респондент ҳукумат фаолиятини қўллаб-қувватламаслигини айтган. Бош вазир 8 февралда муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилган эди, бу молия бозорларида хавотир уйғотди.
Тунис қирғоқлари яқинида муҳожирлар фожиаси
Ўрта ер денгизида Тунис қирғоқлари яқинида муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ чўкди. Бир киши қутқарилган, тахминан 50 киши ҳалок бўлиши мумкин. Қутқарилган эркак денгизда 24 соат ёлғиз қолганини айтди. Ҳодиса кучли ёмғир ва ноқулай об-ҳаво шароитида содир бўлган.
Германия олтин захираларини қайтаришни муҳокама қилмоқда
Германиянинг етакчи иқтисодчилари АҚШда сақланаётган 1,2 минг тонна олтин захирасининг бир қисмини мамлакат ҳудудига қайтаришни таклиф қилмоқда. Бу молиявий хавфсизлик ва суверен қарор қабул қилиш имкониятларини мустаҳкамлашга қаратилган. Берлин ҳозирча қарор эълон қилмаган.
Австралияда иссиқлик тўлқини
Австралияда кучли иссиқ тўлқини кузатилмоқда: айрим ҳудудларда ҳарорат 45–48°C гача кўтарилиши кутилмоқда. Жанубий Австралия ва Виктория штатларида хавф юқори, «Австралия куни» парад ва чироқлар шоуси бекор қилинди. Ёнғин хавфи ортиб, эвакуация чоралар кўрилмоқда. Расмийлар аҳолини уйда қолишга чақирмоқда.
Трамп Канадага таҳдид қилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Канада ва Хитой ўртасида тузилиши мумкин бўлган савдо келишуви юзасидан Хитойга 100 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди. Аввалроқ Канада ва Хитой айрим маҳсулотлар бўйича божларни камайтириш бўйича келишувга эришган эди. Трамп Хитойни Канадани «тириклайин ейди» деб таърифлади.
Нозимбек Мардонов, Ёқуб Мелибоев (видео )ЎзА