Сиёсий лавозимларни эгаллаган давлат хизматчиларининг халқ олдидаги масъуллиги оширилади

20

“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Давлат дастури лойиҳасида коррупцияга қарши курашиш йўналишида қандай вазифалар белгиланмоқда?

Энг асосий ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи 2 мингдан зиёд қонунчилик ҳужжатлари хатловдан ўтказилиб, улардаги коллизиялар, номувофиқликлар, «ноаниқ» қоидалар ва бошқа коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилади.

Давлат органлари раҳбарларининг ўзи раҳбарлик қилаётган идора ёки тизим фаолиятида йўл қўйилган жиддий хато ва камчиликлар учун сиёсий жавобгарлиги институтини жорий қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада сиёсий лавозимларни эгаллаган давлат хизматчиларининг халқ олдида масъуллиги, уларга нисбатан ишончсизлик билдирилиши асослари ва тартиби, уларнинг ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиш тартиби назарда тутилади.

Давлат органида меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходимни икки йил ичида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотларга ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат тузилмасидан хулоса олишнинг аниқ тартибини белгилаш бўйича идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги расмий веб-сайти ва “E-anticor” очиқ платформасида манфаатлар тўқнашуви ва коррупциянинг олдини олишга доир қонунчиликдаги чекловлар бўйича юзага келган муаммоли вазиятларда реал вақт режимида маслаҳатлар берувчи «Маслаҳатчи» интерактив хизмати (чат-бот) модули ишлаб чиқилади.

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарларини ротация қилиш тартиби бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада ротация қилинадиган лавозимлар рўйхатини тасдиқлаш, ротация қилиш асослари ва тартиби, ротация қилишда қўшимча ижтимоий-ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш акс эттирилади.

“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида 30 минг нафар давлат хизматчиси коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилади.

Ўқитиш жараёнларига халқаро экспертларни жалб этиш, ўқув услубий қўлланмалар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, ўқитиш натижаларини мониторинг қилган ҳолда давлат хизматчиларини белгиланган муддатда ўқитиш бўйича мажбурий талабларга риоя этмаган ташкилотларга тақдимнома киритилади.

Харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва уларнинг аффилланган шахсларининг айни бир лотдаги иштирокининг олдини олишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Унда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва уларнинг аффилланган шахслари, шу жумладан, бир хил таъсисчилар, раҳбарлар, бенефициарлар ёки ўзаро боғлиқ тадбиркорлик субъектларининг айни бир лотда иштирок этишини чекловчи мезонлар белгиланади.

Харид қилиш тартиб-таомилларида аффилланган шахсларнинг иштирокини назорат қилиш механизмларини жорий этиш, шу жумладан, автоматик текширув ва хавф индикаторларини ишлаб чиқиш орқали рақобат кучайтирилади.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги хизматлар ва сервислар сонини 880 тага етказиш, шунингдек, порталнинг қулайликларини оммавий ахборот воситалари ва бошқа усуллар орқали тарғиб қилиш, “Open Data Challange” хакатони ўтказиш каби тадбирлар белгиланмоқда.

Н.Абдураимова,

ЎзА