Тошкент жаҳон олимпия ҳаракатининг юксалишини таъминлайди
Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида иштирок этган Бутунжаҳон сузиш федерацияси (World Aquatics) раиси, Осиё Олимпия кенгаши Бош директори Ҳусайн Ал Мусаллам 46-Бош Ассамблея йиғилишида қатнашаётган қитъа мамлакатлари спорт ташкилотлари вакилларини, делегатларни қутлаб, Ўзбекистонда мазкур тарихий йиғилишнинг ташкил этилаётгани оламшумул аҳамият касб этишини билдирди.

Шундан сўнг Халқаро антидопинг ташкилоти (WADA) президенти Витольд Банька, «Ҳарбин-2024» IX Қишки Осиё ўйинлари бўйича вице-президент, ООК Спорт масалалари қўмитаси раиси ҳамда бир қатор давлатларнинг Олимпия қўмитаси раҳбарлари ҳисоботлари тингланди.
—Кейинги 2-3 йил оралиғида Ўзбекистонда халқаро аҳамиятга эга тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Осиё Олимпия кенгашининг тарихий 46-Бош Ассамблеяси ва унинг доирасидаги тадбирлар сабабли яна бу гўзал ва бетакрор юртга ташриф буюрганимдан жуда хурсандман. Тошкентда Осиё Олимпия кенгашининг янги президенти сайланиши нафақат қитъа, балки дунё спорти, Олимпия ҳаракатининг юксалишида муҳим аҳамият касб этади, — дейди Ассамблея йиғилишида қатнашаётган Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жолуд.
Конгресс иштирокчиларига Халқаро олимпия қўмитаси президенти Кирсти Ковентри онлайн тарзда табрик йўллаб, Тошкент анжумани Осиёдагина эмас, жаҳон олимпия ҳаракатининг муҳим юксалиш палласини бошлаб бераётгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади. Доимий мулоқот, илиқ муносабатлар тинчлик, дўстлик рамзи бўлган спорт ҳаракатини, олимпия ғояларини халқаро майдонда янада кенг ёйилишига хизмат қилиши билан аҳамиятли эканини айтиб ўтди.
Анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА