Рақамли ва оилавий зўравонликка қарши кураш: ҳуқуқий асослар ва суд амалиёти

38

XXI аср — ахборот ва технологиялар асри. Замонавий технологиялар, интернет ва ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётини енгиллаштириш, мулоқот имкониятларини кенгайтириш, ҳуқуқ ва эркинликларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Бироқ, афсуски, технология тараққиёти билан бирга жиноятчилик шакллари ҳам ўзгариб, янгича тус олмоқда. Бугун жиноят фақат жисмоний зўравонлик ёки очиқ тажовуз шаклида эмас, балки виртуал макон орқали, яъни рақамли зўравонлик кўринишида ҳам содир этилмоқда.

Рақамли зўравонлик бу — шахсга интернет, мессенжерлар ва ижтимоий платформалар орқали қасддан қўрқитиш, таҳқирлаш, таъқиб қилиш ёки шахсий ҳаётига аралашиш ҳаракатларидир. Жисмоний из қолдирмаслиги мумкин, аммо руҳиятга жиддий зарар етказади.  Асосий кўринишлари онлайн таҳқирлаш ва ҳақорат, қўрқитиш ва кибертаъқиб, шахсий маълумотларни рухсатсиз тарқатиш, интим тасвирлар билан шантаж қилиш, ёлғон ахборот тарқатиш.

Бу жиноятнинг энг кўп жабрланувчилари хотин-қизлар, болалар, ижтимоий фаол шахслар ва оилавий низолардаги шахслардир. Жиноятнинг оғир оқибатлари руҳий босим, ижтимоий изоляция, ўқиш ва иш фаолиятига салбий таъсир, айрим ҳолларда ўз жонига қасд қилиш хавфи билан намоён бўлмоқда.

Рақамли зўравонлик учун қонунчилигимизда аниқ жавобгарлик белгилaнган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шахсий ҳаётга аралашиш ва ҳақорат қилиш ҳолатларига қаратилган маъмурий чоралар назарда тутилган бўлса, Жиноят кодексида таҳдид қилиш, шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш, туҳмат ва таъқиб каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик мавжуд.

Агар бундай қилмишлар оилавий-маиший доирада содир этилса, улар оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

Ҳимоя чоралари сифатида шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, далиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш, ижтимоий тармоқларда блоклаш ва зарур бўлса ҳимоя ордери олиш тавсия этилади.

Рақамли зўравонлик — фақат “онлайн” иллат эмас, у реал ва оғир оқибатларга олиб келади. Шу боис давлат органлари, судлар, жамоатчилик ва ҳар бир фуқаро рақамли зўравонликка муросасиз позицияда бўлиши лозим. Интернет — имкониятлар ва хавфсизлик макони бўлиши керак.

Шу билан бирга, оилавий-маиший зўравонлик ҳам ҳали-ҳануз жамиятда долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Айрим ҳолларда у “анъана” ёки “оилавий иш” ниқоби остида яширилиб, жабрланувчининг ҳуқуқлари поймол этилишига сабаб бўлмоқда. Аслида эса, зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши — инсон қадрига, унинг ҳаёти, соғлиғи ва эркинлигига қарши жиноятдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиз бўлиб, ҳеч ким тазйиқ, зўравонлик ёки таҳқирлашга дучор этилмаслиги лозим. Ушбу конституцион тамойилдан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, унда жисмоний, руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик, шунингдек тазйиқ ва таъқиб тушунчаларига аниқ ҳуқуқий таъриф берилди. Қонунда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш механизмлари, ҳимоя ордерини бериш тартиби ҳамда масъул органларнинг вазифалари белгилаб қўйилди.

Жабрланувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя ордери институти жорий этилди. Унга мувофиқ, тазйиқ ва зўравонликка дуч келган шахс суд ёки ваколатли органлар томонидан маълум муддатга ҳимоя ордери олиши мумкин. Ушбу ордер зўравонлик содир этган шахсга жабрланувчи билан алоқа қилиш, уни қидириш ёки таъқиб қилишни тақиқлайди. Ҳимоя ордери зўравонликка учраган шахснинг хавфсизлигини таъминлаш, зўравонлик ҳолатларининг такрорланишини олдини олишга қаратилган муҳим профилактик ҳуқуқий чора ҳисобланади. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мазкур механизм ўз самарасини бермоқда.

2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ички ишлар органлари томонидан берилган ҳимоя ордери муддатини узайтириш бўйича жами 21 та иш кўриб чиқилиб, ҳимоя ордери талабларини бузган 20 нафар шахсга нисбатан мазкур ордерлар муддати узайтирилди. Бу ҳолат ҳимоя ордери нафақат ҳуқуқий чора, балки оилавий-маиший зўравонликнинг олдини олишда таъсирчан механизм эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Шунингдек, ҳимоя ордери берилгандан кейин унинг талабларини бузган шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддасига мувофиқ жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси судлари томонидан 2025 йил давомида ушбу модда асосида 309 нафар шахсга нисбатан 307 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилиб, улардан 160 нафарига жарима, 102 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар орқали зўравонликка оид қилмишлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди. Хусусан, тазйиқ ўтказиш, қўрқитиш, ҳақорат қилиш каби ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик, такрорий ёки оғир оқибатларга олиб келган ҳолатларда эса жиноий жавобгарлик белгиланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
59-2-моддасига мувофиқ, оилавий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилиши назарда тутилган. Жумладан, ўтган йилда 742 нафар шахсга нисбатан 716 та маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб тамомланиб, 178 нафарига жарима, 165 нафарига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Жиноят кодекси нормаларига кўра, оилавий зўравонлик натижасида тан жароҳати етказиш, соғлиққа зарар етказиш, шахсни қўрқитиш ёки унинг эркинлигини чеклаш каби ҳолатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, Жиноят кодексининг 126-1-моддасида оилавий (маиший) зўравонлик алоҳида жиноят сифатида белгиланган. Ушбу модда бўйича Қорақалпоғистон Республикасида
2025 йил давомида 52 нафар шахсга нисбатан 52 та жиноят иши кўриб тамомланиб, 20 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган. Жумладан, 3 нафар шахсга ахлоқ тузатиш ишлари, 14 нафар судланувчига озодликни чеклаш, 2 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 1 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланилиб, шартли ҳукм чиқарилган.

Шу билан бирга, жорий ислоҳотлар доирасида болаларга нисбатан оилавий-маиший зўравонлик ҳам аниқ жиноят сифатида белгиланди. Рақамли зўравонлик ҳолатлари ҳам қонунчиликда ҳуқуқий баҳосини олмоқда. Хусусан, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, таҳқирлаш, ҳақорат қилиш, шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш, қўрқитиш ёки таъқиб қилиш каби ҳаракатлар шахсий ҳаёт дахлсизлигига қарши қонунбузарлик сифатида баҳоланиб, тегишли маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Муҳими, қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар зўравонликка нисбатан муросасиз давлат сиёсатини ифода этади. Эндиликда бундай қилмишлар “оилавий масала” ёки “шахсий муносабат” сифатида эмас, балки қонун бузилиши ва инсон ҳуқуқларига қарши жиноят сифатида баҳоланади.

Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган Мурожаатномада ҳам хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик қатъий қораланиб, бу иллатга қарши курашишда давлат органлари билан бир қаторда жамоатчилик, парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Суд ҳокимияти сифатида зўравонликка қарши курашиш — бу фақат жазо тайинлаш эмас, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолатни қарор топтириш ва жамиятда қонунга ишончни мустаҳкамлаш демакдир. Судлар томонидан ҳар бир бундай иш холислик, қонунийлик ва инсонпарварлик тамойиллари асосида кўриб чиқилмоқда.

Шу муносабат билан барча давлат органлари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликни оилавий-маиший ҳамда рақамли зўравонликка қарши курашишда бирлашишга чақирамиз. Зўравонликка нисбатан муросасиз позиция, ҳуқуқий онг ва жамоатчилик назорати орқалигина бу иллатга самарали барҳам бериш мумкин.

Зеро, хотин-қизга ҳурмат — инсон қадрига ҳурматдир. Инсон қадри устувор бўлган жамиятдагина ҳақиқий адолат қарор топади.

Гулистан Бисенова,

Жиноят ишлари бўйича Нукус тумани суди раиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги