Халқимиз маҳалладан бошланган ислоҳотлар натижасини ҳис қилмоқда

37

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 23 январь камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида 2025 йил якунларига қисқача тўхталди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда иқтисодиётимиз дастлабки прогнозларга нисбатан анча юқори суръатларда 7,7 фоизга ўсиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 147 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш суръатлари 2024 йилга нисбатан юқори бўлди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 43 миллиард долларга, экспорт эса 33,8 миллиард долларга етди.

Юқори иқтисодий фаоллик ва ўсиб бораётган истеъмол талабига қарамасдан, инфляция даражаси 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 7,3 фоизга пасайди.

– Иқтисодий ўсиш қанчалик барқарор бўлса, инфратузилмани яхшилашга шунчалик кўпроқ маблағ йўналтириш мумкин бўлади. Бу эса пировардида бандликни таъминлаш, даромадларни ошириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари ортда қолган бир йилда 366 минг оила камбағалликдан чиққани, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар натижасида камбағаллик даражаси 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизлик эса 5,5 фоиздан 4,8 фоизга тушганини қайд этди.

– Буларнинг барчаси ислоҳотларимиз самараси бўлиб, давлат ва халқ ўртасидаги ишонч тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Лекин ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз жуда кўп, – деди Президент.

Қайд этилганидек, маҳалла ислоҳотлар қаерда ишлаяпти, қаерда тўхтаяпти деган саволларга аниқ жавоб берадиган асосий бўғин ҳисобланади. Агар маҳаллада ишсиз одам ёки камбағал оила сақланиб қолаётган бўлса, демак, ислоҳот ўша жойга етиб бормаган. Агар “еттилик” тизими аҳоли муаммосини ҳал қила олмаётган бўлса, демак, тизим ишламаяпти.

– Имконият бор, маблағ бор, қарор ва дастурлар бор. Етишмаётган нарса – масъулият ва шахсий жавобгарлик, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз мавжуд имкониятларни ишга солишда ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги”да методик билим ва амалий тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга етарли даражада кўмаклашмаётганини танқид қилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда ишсизлик ва камбағаллик юқори бўлган маҳаллалар имкониятларини ўрганиб, энг яхши тажрибалар асосида методик қўлланма ишлаб чиқиш топширилди. Ҳокимлар эса жойларда унинг ижросини таъминлаб, аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш ва уларни қийнаётган масалаларга аниқ ечим топиш учун шахсан масъул бўлади.

Йиғилишда жорий йил учун 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллаларнинг сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгилаб олинди.

Йиғилишда “оғир” туман ва маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Аввало, бундай ҳудудларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Шу мақсадда 903 та маҳалланинг ҳар бирида қуввати 300 киловатт бўлган кичик қуёш электр станциялари қурилиб, маҳаллаларга “беғараз актив” сифатида берилади. Ушбу станциялар ҳисобидан ҳар бир маҳаллада 400-500 миллион сўм қўшимча даромад келтирадиган “иқтисодий актив” шакллантирилади.

Олинадиган “яшил” даромадлар “яшил” чора-тадбирларни амалга оширишга, хусусан, эҳтиёжманд хонадонларни энергия тежамкор таъмирлаш, электр харажатларини камайтириш ва турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилади. Қуёш станцияларининг эксплуатация қилиш ишларига мазкур маҳаллаларда яшовчи камбағал оилалар аъзолари ишга жалб қилинади.

Бу ишлар ихтисослашув даражаси юқори бўлган яна 1 мингта илғор маҳаллада ҳам амалга оширилади. Кичик қуёш станциялари тайёр ҳолда 7 йил муддатга маҳаллаларга фоизсиз лизинг асосида берилади.

Президентимиз ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда маҳаллаларнинг ихтисослашувини янада чуқурлаштириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Бугунги кунда 903 та “оғир” маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари мавжуд. Агар ҳокимлар “маҳалла еттилиги” билан биргаликда сув таъминотини яхшилаб, уруғ-кўчат билан таъминлаб, ихтисослашувни тизимли йўлга қўйса, аҳоли даромади ва турмуш шароитида кескин ўзгариш қилиши мумкинлиги таъкидланди.

Маҳаллаларда ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий механизмлар жорий этилади. Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун сертификатланган кўчатларни харид қилиш харажатининг 50 фоизи бюджет ҳисобидан қоплаб берилади. Мева турига қараб, “шпалер”лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади. Томорқада томчилатиб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади.

Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, агар буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида амалга оширса, қўшимча равишда 75 миллион сўмдан мукофот олади.

Шунингдек, жорий йилда 2 минг гектар ўрмон ерлари 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор барпо этиш учун 10 йилга бепул ажратилади. Пиллачилик кооперациясини ташкил этиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия, уйида пилла етиштириш истагида бўлганларга эса хонадонни жиҳозлаш ва ускуна хариди учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Йиғилишда жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм кредит ажратилиши белгилангани қайд этилди.

– Очиғини айтиш керак, ҳозир банклар барча туман ва шаҳарларга бир хил шартда кредит таклиф қиляпти. Лекин Олмазор билан Бўзатовнинг имконияти ва шароити бир хил эмас. Шу боис, 37 та “оғир” туманда “оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида кредитлар 12 фоиздан берилади, – деди Президентимиз.

Барча туманларда “оилавий тадбиркорлик” бўйича имтиёзли кредитнинг энг юқори миқдори 1,5 баробар оширилиб, 50 миллион сўмга етказилади. Импорт қилинган ва сертификатланган наслли чорва учун 100 миллион сўмгача, уй меҳмонхонаси, кичик музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш минитехнологиялари учун эса 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади.

Чегара ва анклав ҳудудда жойлашган 563 та маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳаларининг кредит миқдори 1 миллиард сўмгача оширилади. Бу мақсадда “оилавий тадбиркорлик” дастурларига режалаштирилган 3,6 триллион сўмга қўшимча равишда яна 2 триллион сўм ресурс йўналтирилади.

Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун жорий йил банклар томонидан жами 17 триллион сўм кредит ажратилади. Бунда маҳсулот етиштиришга олинган кредитнинг 4 фоизи, уни қайта ишлаш лойиҳаларида эса 6 фоизи компенсация қилиб берилади.

Ҳоким ёрдамчиларининг ишини “лойиҳавий ёндашув” асосида ташкил қилиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳар бир туман кесимида “лойиҳавий ёндашув” асосида амалга ошириладиган лойиҳалар портфели шакллантирилади. “Оғир” маҳаллалардаги бўш ер участкалари ва давлат объектларининг бошланғич нархини 2-3 баробарга пасайтириб, уларни сотувга чиқариш амалиёти жорий этилади.

Иш ўрни яратиш ва аҳоли даромадини ошириш бўйича энг яхши натижа кўрсатган 100 та “оғир” маҳаллага 1 миллиард сўмдан қўшимча маблағ ажратилади. Мазкур маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари Хитой, Туркия, Корея ва Малайзия каби давлатларга бир ойлик малака ошириш курсларига юборилади.

Мисол сифатида Олмазор туманидаги “Кайковус” канали бўйлаб амалга ошириладиган лойиҳа келтирилди. Ушбу каналнинг 2 километр қисми “Эски шаҳар” ҳудудидаги 8 та маҳалладан ўтади. Энди мазкур маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ягона “лойиҳа гуруҳи”га бирлашиб, яхлит концепция асосида канал бўйида савдо, сервис ва дам олиш инфратузилмасини ривожлантириш ишларини амалга оширади.

Худди шу тартибда туризм, таълим, тиббий хизматлар, реновация, кўл бўйлари ва гавжум кўчалар бўйича ҳам ҳоким ёрдамчиларидан иборат махсус “лойиҳа гуруҳлари” ташкил этилади.

“Маҳалла еттилиги” фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича пойтахтда йўлга қўйилган тажриба эндиликда барча туман ва шаҳарларда ҳам жорий этилади. Бундан буён ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси маҳалла раиси тақдимномаси асосида туман ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади.

Давлатимиз раҳбари яна бир муҳим масалага эътибор қаратди. Мамлакатимизда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича кенг кўламли тадбир бошлангани қайд этилди.

Ҳозирга қадар жами 7 миллион 613 минг хонадондан 4 миллион 776 мингтаси рўйхатдан ўтган. Бироқ ушбу жараён Тошкент шаҳри, Фарғона, Сурхондарё, Бухоро ва Тошкент вилоятида суст кечаётгани кўрсатиб ўтилди.

– Бу каби муҳим тадбир мамлакатимизда сўнгги 37 йил ичида биринчи марта ўтказилмоқда. Рўйхатга олиш ҳар бир маҳалла ва ҳар бир оиланинг реал ҳолатини аниқлаш, келгуси режаларни шу асосда белгилаш, энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган самарали механизмларни жорий этишга хизмат қилади, – деди Президентимиз ва барча юртдошларимизни рўйхатга олиш тадбирида фаол иштирок этишга чақирди.

Йиғилишда туман ҳокимлари, маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчиларининг ҳисоботлари ҳамда таклифлари тингланди.

Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги бунёдкорлик ишлари ва объектлар фаолияти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Хастимом маҳалласи Зарқайнар кўчасида ташкил этилган туризм ва хизмат кўрсатиш объектларини бориб кўрди.

Туризм кам маблағ билан кўп иш ўрни яратадиган, аҳоли даромади ва ҳудудлар қиёфасини яхшилайдиган соҳа. Тошкент шаҳрида бу борада имкониятлар кўп.

Жумладан, Олмазор туманида ушбу салоҳиятни тўлиқ ишга солиш мақсадида 447 гектар ҳудудни қамраб олган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унга кўра, 15 та маҳаллани ўзаро боғловчи туман аҳамиятидаги 6 та кўчада туризм ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилади.

Мазкур лойиҳанинг бир қисми – Зарқайнар кўчасида бажарилган бунёдкорлик ишлари. Бу ҳудуд асрлар давомида шаклланган тарихий қиёфаси, миллий меъморчилик анъаналари ва ҳунармандчилик руҳи билан ажралиб туради.

Республика бюджетидан ажратилган 150 миллиард сўм ҳисобига бу ердаги 576 та хонадон миллий кўринишда таъмирланиб, маҳалла тарихий муҳитга уйғун қиёфа касб этди.

Юз нафар тадбиркор томонидан 166 миллиард сўм инвестиция киритилгани натижасида 7 та меҳмонхона, 8 та ресторан, 5 та ҳунармандлик маркази, 1 та савдо маркази, 125 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди, 1500 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари янгиланган кўча бўйлаб юрар экан, миллий меъморий услубда таъмирланган хонадонлар, обод кўчалар ва аҳоли учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Шу ерда истиқомат қилаётган оилалар, туристлар, ҳунармандлар билан самимий суҳбатлашди.

– Биз туристлар учун шароит яратишни истаймиз, лекин бунинг асосини ҳам тўғри йўлга қўйишимиз керак. Масалан, ҳунармандчилик – миллийлигимизни ифодалайдиган асосий йўналишлардан бири. Ҳунармандларга маҳсулот ишлаб чиқариши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш бизнинг вазифамиз. Малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шу мақсадда ҳунармандлар университетини ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Биз тадбиркорлар билан учрашяпмиз, эндиликда ҳунармандлар билан ҳам алоҳида учрашувлар ташкил этамиз, – деди Президент.

Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни янада такомиллаштириш, маҳаллалардаги тарихий муҳитни асраб-авайлаган ҳолда иқтисодий фаолликни ошириш, энг муҳими, одамлар манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Шу ерда давлатимиз раҳбарига “Олмазор” инновацион ўсиш ҳудудини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мастер-режа тақдимот қилинди.

Тақдимотда ҳудудни фазовий-ҳудудий ривожлантириш концепцияси, эҳтиёжларни баҳолаш натижалари ҳамда функционал зоналаштириш ечимлари кўрсатиб ўтилди.

Мастер-режага мувофиқ, таълим-инновация, туризм ва савдо, маданий мерос, бизнес ҳамда IT хизматларини қамраб олган “ривожланиш коридорлари” шакллантирилади.

Эски шаҳар атрофида Талабалар шаҳарчаси, университет ва технопарклар соғлиқни сақлаш объектлари, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази, Ҳазрати Имом мажмуаси, Чорсу ва тарихий шаҳар марказини ўз ичига олган туризм йўналишлари ўзаро боғланади. Шу билан бирга, шимолий марказий ишбилармонлик ҳудудида офислар, IT-парк ва бизнес марказларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Мастер-режани амалга ошириш орқали тарихий меросни сақлаган ҳолда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва шаҳар муҳитини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.

– Ҳар бир кўча учун камида беш йиллик мастер-режа ишлаб чиқиш зарур. Кеча Швейцариянинг Давос шаҳрида бинолар сақланган ҳолда, шаҳар муҳити шароитга мос равишда ривожлантирилаётганини кўрдим. Биз ҳам эски шаҳарни асраб-авайлашимиз, янада ривожлантиришимиз шарт. Шу мақсадда алоҳида “Эски шаҳар” дастурини ишлаб чиқиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, келгусида тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш давом эттирилишини айтган эди.

Айни мақсадларга мувофиқ, юртимизда кўп тармоқли тиббиёт марказларининг фаолиятига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Олмазор туманида жойлашган “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази бугунги кунда долзарб бўлган барча йўналишларда, жумладан, туғуруқ, педиатрия, хирургия, травматология, ортопедия, эндокринология ва бошқа йўналишларда фаолият юритиб келмоқда. Марказ 30 миллион доллар эвазига барпо этилган бўлиб, ундаги ускуналар Буюк Британия, Италия, Япония ва Германия давлатларидан олиб келинган.

Клиникада диагностика ҳамда стационар бўлимлари мавжуд. Марказ йилига тўрт ярим минг нафар беморни қабул қилиш қувватига эга. Бу ерда 300 дан зиёд иш ўринлари яратилган бўлиб, 80 нафардан ортиқ шифокор фаолият юритмоқда. Улардан 60 нафари хорижда, хусусан, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Япония, Америка каби давлатларда малака оширган шифокорлардир. Шу билан бирга, клиникада хорижлик мутахассислар ҳам фаолият юритмоқда.

Мазкур марказ таркибида Тошкент шаҳрида биринчи хусусий туғуруқ мажмуаси ишга туширилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 30 нафар аёлга хизмат кўрсата олади. Келгусида ўринлар сонини янада кўпайтириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Болаларни эмлаш, профилактик кўриклар ҳам шу ерда ўтказилади.

Клиникада колл-марказлар, махсус патронаж жамоалари ташкил қилинган. Беморларнинг уйига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказиш имкониятлари ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, республикадаги энг катта хусусий вакцинация маркази, хусусий сектордаги ягона стерилизация маркази ҳам ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари кўп тармоқли тиббиёт марказида кўрсатилаётган хизматлар, беморлар учун яратилган имкониятлар, жумладан, амбулатор шароитда даволаш хоналари билан танишди.

Шу билан бирга, оналик ва болалик йўналишида аёлнинг ҳомиладор бўлгандан бошлаб туғуруққача, туғуруқ ва ундан кейинги давр учун тайёрланган тизимли жараёнларни кўздан кечирди.

– Туғуруқ хизмати, айниқса, туғуруққача кузатув энг муҳим масалалардан бири. Айниқса, биринчи фарзандни дунёга келтириш она учун стресс бўлмаслиги керак. Шунга қадар аёл мунтазам кузатувда бўлса, вақтида даволаниб борса, унда ўзини авайлаш, соғлом оналик, соғлом болалик борасида тушунча пайдо бўлади, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари кўп тармоқли марказда ташкил этилган болалар майдончасида ўйнаётган жажжи болажонлар билан суҳбатлашди.

– Энг катта ютуғимиз, сизлар каби шифокорлар ўзлари олган билимларни юртимизда қўллаётганидир. Шу ўринда айтиш лозимки, хусусий тиббиётни жорий қилиш билан бирга рақобатни ҳам унутмаслик керак. Рақобат бўлсагина, одамларда танлов бўлади. Хусусий даволаниш марказлари кўпайса, аҳоли даволаниш учун берган пулига яраша сифатли хизматга эришади, – деди давлатимиз раҳбари клиника жамоаси билан суҳбатда.

Зиёдулло ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдулазиз РУСТАМОВ,

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА махсус мухбирлари