Ўзбекистон саноати 2025 йилда 1,1 квадриллион сўмга етди
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида саноат тармоғи етакчи соҳалардан бири сифатида шаклланиб бормоқда. Ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш натижасида саноат ҳажмлари изчил ўсмоқда.
Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотлари ҳам 2025 йилда мамлакат саноатида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолганини кўрсатмоқда. Унга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,1 квадриллион сўмни ташкил этди.
Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 6,8 фоизга ўсишни англатади. Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми республика бўйича 29,1 миллион сўмга тенг бўлди. Бу кўрсаткич иқтисодий фаолиятнинг барқарор ўсиши ва аҳолининг ишлаб чиқариш салоҳиятининг ўсишини акс эттирувчи муҳим индикатор ҳисобланади. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 59,8 мингта саноат корхоналари фаолият юритмоқда.
Ушбу корхоналар турли соҳаларда ишлаб чиқаришни амалга оширмоқда. Текстиль ва кийим-кечак саноати, озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва металлургия, кимё ва фармацевтика саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳалари шулар жумласидан.
Саноат ҳажмининг ўсиши асосан ишлаб чиқариш қувватлари модернизацияси, инвестиция лойиҳалари, шунингдек, ижтимоий ва иқтисодий дастурлар самараси билан боғлиқ. Бу, ўз навбатида ички бозорни қондириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Экспертлар таъкидлашича, саноатнинг барқарор ўсиши иқтисодий ривожланиш, янги иш ўринлари яратиш ва республика иқтисодиётини диверсификация қилиш учун муҳим аҳамиятга эга.
Ш.Маматуропова, ЎзА