Испания чақируви: Европа умумий армия яратиши керак
Унинг фикрича, 27 алоҳида миллий армия ўрнига ягона ҳарбий механизм яратиш анча самарали. Аввало, кўҳна қитъа мудофаа саноати ва реал ҳарбий ресурслари бирлаштирилиши, кейин эса “хоҳловчилар коалицияси” шакллантирилиши лозим. Европаликларнинг бирга ҳаракатланиш салоҳияти айнан иттифоқ доирасида сезилади.
Бу баёнот Трампнинг Гренландияни сотиб олиш ёки аннексия қилиш ҳақидаги таҳдиди асносида янгради. Айни пайт ЕИ етакчилари Брюсселда фавқулодда йиғилиш ўтказиб, Вашингтонга нисбатан умумий позицияни мувофиқлаштириш режасини тузган.
Шунингдек, Альбарес ягона армия НАТО ўрнини босмаслиги, фақат Европа ўзини мустақил ҳимоя қила олишини кўрсатиши зарурлигини айтди. “Европа ҳарбий ёки иқтисодий мажбуриятга бўйин эгадиган ҳудуд эмаслигини исботлаши керак”, — деган у.
Аслида, Европа армияси ғояси янги эмас: илк бор 1951 йил илгари сурилган ва 1954 йил Франция парламенти томонидан рад этилган. Испания вакили бу масалани “ўша лойиҳанинг тугалланмаган қисми” деб атаб, ҳозирги авлод зиммасига тарихий масъулият тушганини қайд этди.
Мусулмон Зиё, ЎзА