Аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий яшил майдонлар ҳажми 37,5 фоизга оширилади
Янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичлари оширилиши кўз тутилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш ҳамда ирригация тизими ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, соҳа бошқарувига хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш каби аниқ мақсад ва вазифалар ҳам қўйилган.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.
Хусусан, ҳар бир гектардан олинадиган ўртача даромад 5 минг долларга, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажми йилига 10 миллиард долларга етказилади. Ҳосилдорлик кўрсаткичларини пахта бўйича ўртача 45-50 центнер, ғалла бўйича 90-100 центнер қилиш мақсад қилинган.
Сув хўжалигида объектларни давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш 2012 тага етказилади. Насос станциялари модернизация қилинади. Электр энергияси истеъмоли кескин камайтирилади. Сув ишлатиш самарадорлиги 25 фоизга оширилади. Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш даражаси 100 фоизга етказилади.
Иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан ҳажми 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартирилади. Қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами энергия генерацияси (истеъмоли)даги улуши 54 фоизга етказилади. Шаҳарлар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши таъминланади. Шунингдек, аҳоли жон бошига тўғри келадиган республика бўйича умумий яшил майдонлар ҳажми 37,5 фоизга оширилади.
Муҳокама жараёнида иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш бўйича фикрлар билдирилди. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА