Ўзбекистон ва Озарбойжон замонавий молиявий технологиялар соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтирмоқда

24

Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Озарбойжон Марказий банки капитал ва суғурта бозорлари, крипто-активлар айланмаси соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Таъкидланишича, мазкур ҳужжат халқаро тадбирлар, семинарлар, форумлар ва тренингларни ташкил этиш, онлайн учрашувлар ва қисқа муддатли ўқув йиғинларини ўтказиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, тегишли соҳаларда қонунчилик ва статистик маълумотлар алмашиш каби йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Меморандум доирасида инновацион молиявий технологияларни ривожлантириш, молиявий инклюзивлик ва операцион самарадорликни ошириш, шунингдек финтех-компанияларни тартибга солиш ва янги молиявий технологиялар бўйича энг яхши амалиётлар билан ўртоқлашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Қайд этиш керак, ушбу ҳамкорлик икки ўлка ўртасидаги кенг қўламли алоқаларнинг мантиқий давомидир. 2025 йил ноябрь ойида Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида тўлақонли иштирок этган, декабрь ойида эса мамлакатларимиз 2026 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолаган.

Ф.Яхшибоева, ЎзА