Ўзбекистон тўлов баланси халқаро экспертлар билан муҳокама қилинди (+видео)

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Корея Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида Билимлар алмашинуви дастури доирасида “Ўзбекистонда тўлов баланси динамикаси: асосий белгиловчи омиллар, тизимли хатарларни баҳолаш ва уларнинг олдини олиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар таҳлили” мавзусида қўшма тадқиқот натижалари юзасидан халқаро семинар ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Корея Республикаси Марказий банки, шунингдек, Кореянинг етакчи олий таълим муассасалари экспертлари ва илмий ходимлари иштирок этди.
Мазкур семинарнинг асосий мақсади қўшма тадқиқот доирасида Ўзбекистонда тўлов баланси ҳолатини кенг ва чуқур таҳлил қилишдан иборат бўлди. Шунингдек, халқаро илғор иқтисодий моделлардан фойдаланган ҳолда тўлов балансининг динамикасига таъсир қилувчи фундаментал омилларни аниқлаш, ташқи иқтисодий хатарларни баҳолаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини жорий этиш ҳамда такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва хулосаларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.
Семинар доирасида халқаро экспертлар томонидан «Тўлов баланси таҳлили ва унинг асосий кўрсаткичлари», «Макроиқтисодий хатарларни аниқлаш ва баҳолаш усуллари», «Халқаро тажриба асосида самарали иқтисодий ва институционал сиёсий ёндашувлар» мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.
Бундан ташқари, семинар Марказий банк мутахассислари учун таҳлилий салоҳиятни ошириш, илмий ва амалий билимларни чуқурлаштириш, халқаро тажрибани миллий иқтисодий ва молиявий шарт-шароитларга мувофиқлаштириш имкониятларини яратди.
Мазкур тадбир Марказий банкнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ташқи иқтисодий хатарларни олдиндан аниқлаш ва уларни самарали бошқариш салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги профессионал ва илмий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.
– Ушбу тадбир мутахассисларимиз учун қатор имкониятларни очди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки
Валютани тартибга солиш ва тўлов баланси департаменти
бўлим бошлиғи ўринбосари Шерзод Хайитбоев. – Тўлов баланси мавзусидаги тадқиқот ҳозирги кунда мамлакатимиз учун жуда муҳим ва долзарб ҳисобланади. Ўзбекистон тез ривожланаётган ва шаклланаётган бозор иқтисодиётига эга давлат саналади. Экспорт ва импорт, яъни жорий ҳисоб баланси, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг жамоамиз учун ушбу масала катта аҳамиятга эга. Жорий ҳисоб баланси билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига тўсиқ бўлмаслиги лозим.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА