Ўзбекистон ва Хитой экологик тадқиқотларни биргаликда ривожлантиради

15

Илмий-экологик соҳа табиат ва жамият ўртасидаги мувозанатни сақлашга қаратилган муҳим йўналиш ҳисобланади. У атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экологик муаммоларга илмий ечимлар ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Замонавий тадқиқотлар орқали экологик барқарорликни таъминлаш ва келажак авлодлар учун соғлом муҳит яратиш ушбу соҳанинг асосий мақсади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти бош директори Чжан Юанмин билан учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида Марказий Осиё экология ва атроф-муҳит тадқиқотлари марказининг келгусидаги фаолиятини шакллантириш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий ҳамда тузилмавий масалалар, шунингдек, илмий-экологик соҳада икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида Марказни ташкил этишнинг эҳтимолий моделлари, унинг кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич ривожлантириш, жумладан, доимий ва лойиҳа асосидаги лавозимларни аниқ чегаралаш, шунингдек, келажакдаги тузилманинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ҳамда самарали фаолият юритиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хитой томони Марказ фаолиятини инвестициявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўз таклифларини тақдим этди. Хусусан, лойиҳа молиялаштируви доирасида Марказни замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш масаласи кўриб чиқилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони зарур инфратузилмани таъминлаш ҳамда Марказнинг тўлақонли ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларини кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, Шинжон экология ва география институтининг 2026 йилга мўлжалланган иш дастури тақдим этилди. Мазкур ҳужжатда Марказни рўйхатдан ўтказиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий салоҳиятни ошириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда фаолиятни ахборот жиҳатдан ёритиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА