Ўзбекистон ва Иордания: сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда

9

Олий Мажлис Сенатига Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Демия Зухейр Ҳаддод ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги дўстона, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.

Парламентлараро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иордания парламенти мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистонда ҳам Олий Мажлис давлат ва жамият тараққиётига қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва қонунчилик жиҳатдан таъминлашда фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу муносабат билан парламентлар ўртасида мулоқотни кенгайтириш, қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва бошқа соҳаларда тажриба алмашишдан манфаатдорлик билдирилди.

2026 йил 3 – 7 февраль кунлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги парламенти Мажлиси ал-Аъян раиси Файсал Акиф Мисқал Ал-Файез бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга расмий ташрифини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида икки мамлакат Сенатлари ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолаш режалаштирилгани қайд этилди.

Мамлакатлар ўртасидаги тиббиёт, хусусан рақамли тиббиётни ривожлантириш, олий таълим, технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда Иордания ва Ўзбекистон биринчи бизнес-форумини ташкил этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Н.Абдураимова,

ЎзА