“Ақлли” миграция шохобчаларида қандай хизматлар кўрсатилади?
Давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш соҳасидаги фаолиятини рақамлаштириш орқали сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 майдан эксперимент тариқасида Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида биттадан туман (шаҳар) миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш имконияти яратилган, сунъий интеллект асосидаги “Ақлли” миграция шохобчалари ташкил этилади.
“Ақлли” миграция шохобчаларида белгиланган давлат хизматлари кўрсатилади. Ички ишлар вазирлиги томонидан ўзига ўзи кўрсатиладиган хизматлар турлари кенгайтириб борилади. 2026 йил 1 майдан Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бошқармаларига Ўзбекистонга электрон кириш визаси асосида кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг электрон визалари амал қилиш муддатини 1 маротаба 30 кунгача узайтириш ҳуқуқи берилади.
Чет эл фуқароларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномани расмийлаштириш ваколати Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларига ҳам берилади.
2026 йил 1 сентябрдан талабалар ётоқхонасига жойлашиш бўйича шартнома тузиш билан бир вақтда талабаларни турган жойи бўйича рўйхатга олишнинг композит тартиби жорий этилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан жисмоний шахсларга идентификaцияловчи ID карталар 1-маротаба расмийлаштирилганда унинг чипига киритиладиган электрон рақамли имзо сертификати бепул берилади.
Департамент жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаларини шакллантириш ва доимий янгилаб бориш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Департамент чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўғрисидаги маълумотларни жамлайди.
Идентификaцияловчи ID карта серияси, рақами, берилган жойи ҳамда берилган санаси ва тугаш санаси тўғрисидаги, Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги, Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги, Ўзбекистонга таклиф қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги, шунингдек, уларнинг виза муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳам Департаментда мавжуд бўлади.
2026 йил 1 сентябрдан Ягона иденфикация давлат хизматлари портали ва давлат хизматлари марказлари орқали хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистонга таклиф қилиш, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун ариза юбориш хизматлари кўрсатилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА